Американинг илк инкубатори – Нью-Йоркдаги завод омборида очилган Батавия саноат марказининг мақсади ўша даврдаги иқтисодий тушкун шаҳарда янги иш ўринларини яратиш бўлган.

Вақт ўтиб бундай инкубаторларнинг турлари кўпайиб кетади. Улардан энг машҳури Hi-Tech йўналишидаги Силикон водийси ҳисобланади. Компьютер қурилмалари ишлаб чиқариш, уни қўллаб-қувватлаш орқали ташкил этилган бу водийда бугунги кунда Google, Facebook, Apple, Tesla каби дунёнинг гигант компаниялари жам бўлган.

Business Class'нинг бу галги сонида Ўзбекистондаги бизнес инкубаторларидан бири, MFaktor таъсисчилари Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовлар ташкил қилган Impulse Business Hub қароргоҳи ҳақида сўз юритамиз.

Биз уларнинг бош офисида, MFaktor студиясида, музокара залларида бўлиб, шароитлар билан танишдик. Ҳусан Мамасаидов талабалик пайтлари, оилавий бизнесга кириб келишнинг илк йиллари, бизнес инкубатор ғояси келгунга қадар бўлган тажрибалар ҳақида сўзлаб берди.

“1994-98 йиллар биз Ҳасан акам билан Шарқшунослик университетида ўқиган пайтларимизга тўғри келади. Билсангиз, 3–4-курсларда ҳар бир талаба нима иш қилсам экан деб юради. Биз ҳам ота-онамиздан пул сўрашдан хижолат бўлиб, иш қидиришга тушдик. Бир куни Фозил қори аканинг аудио овозларини эшитиб қолганмиз ва у кишини қидиришга тушдик. Ҳасан акам Қумаро масжидида у кишини топдилар. Фозил қори акадан овозларини магнитофонда ёзиб олишга рухсат олдик. Масжиддаги одамлар кассеталаримизга харидор бўлиб қолди.

Ҳасан акам қори аканинг овозларини ёзиб оларди, мен эса масжид эшигининг тагида кассеталарни сотардим. У вақтларда файлдан сонияда нусха кўчириб қўйиш йўқ эди. Маърузани қайта-қайта эшитиб, ҳар уч соатда кассеталарга ёзардик. Шу аснода катта илм ўзимиз сезмаган ҳолда онгимизга сингиб бораверган экан”.

Ҳусан Мамасаидов

Мамасаидовлар оиласининг бизнеси 90-йиллар сўнгида бошланади. Ертўлада бир нусха кўчирувчи дастгоҳ орқали бланкалар кўпайтирилиб, дўконларга олиб бориб сотилган. Секин-секин бошқа маҳсулотлар савдоси ҳам қўшиб борилган. Кейинчалик Ҳасан Мамасаидов Dekos, Ҳусан ака Deli брендларига асос солишади.

“2017 йилда Ҳасан акам Dekos'да йўл қўйган хатоси туфайли $400 минг йўқотдик. Ҳар бир муаммонинг ортида бир ҳикмат борлигини ўшанда тушуниб етганман. Негаки айнан шу хато MFaktor лойиҳаси пайдо бўлишига сабаб бўлди. Ўша пайтлар бизда қачонгача бу каби хатолар туфайли тадбиркорларимиз азият чекиши керак деган савол туғилган. Ва бу каби муаммоларга ечим сифатида интервью шаклида кўрсатувлар тайёрлашга қарор қилдик”,