15:48 / 11.03.2022
31661

Президент Фармацевтика агентлиги директорига “ҳайфсан” берди, унинг иккала ўринбосари ишдан олинди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

“Бугунги ўзгарувчан шароитда иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлашнинг энг самарали йўли – ички имкониятларни ишга солиш, яъни импорт бўлаётган тайёр маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва маҳаллий саноатни янада ривожлантиришдан иборат. 

Бу миллий иқтисодиётимизнинг устувор йўналиши бўлиши керак. Буни ўйламаган, атрофдаги вазиятдан бехабар, сиёсатни тушунмайдиган ҳоким ёки тармоқ раҳбарининг ишлашга ҳаққи йўқ”, деди давлат раҳбари.

37 триллион сўмлик янги маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича 2022-2023 йиллар учун 2,5 мингта лойиҳани ишга тушириш бўйича қабул қилинган дастурнинг аниқ ижросини сўраш вақти келгани қайд этилди.

Президент кўп тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари бу масалада ҳали дунёқарашини ўзгартирмагани, ҳозирги вазиятдан хулоса чиқармаётганини танқид қилди. Ушбу дастур ижроси бўйича Фармацевтика агентлиги режани 51 фоизга, “Ўзбекистон темир йўллари” эса 10 фоизга бажармагани, саноат кооперацияси бўйича ишлар бошланмагани, “Иссиқлик электр станциялари” эса режани атиги 26 фоизга бажаргани кўрсатилди.

Шунинг учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори С. Қориевга “ҳайфсан” эълон қилинди. Унинг иккала ўринбосарини ишдан олишга кўрсатма берилди. Бош вазирга мазкур агентлик фаолиятини тубдан ўзгартириш бўйича аниқ чоралар кўриш топширилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” раиси в.б. Х. Ҳосиловга “ҳайфсан”, "Иссиқлик электр станциялари" раиси Ф. Абдураҳмонов, "Ўзметкомбинат" директори Р. Пирматов, "Ўзбекнефтгаз" раисининг биринчи ўринбосари Ш. Алиризоевга қатъий огоҳлантириш берилди.

Январь-февраль ойларида “Электрон кооперация” портали орқали 860 млрд сўмлик 5 мингта шартнома тузилган бўлса-да, ижроси айрим ҳудудларда бажарилмагани, электрон савдоларда Қорақалпоғистон, Наманган, Сурхондарё ва Хоразмдаги корхоналар улуши 1 фоизни ҳам ташкил қилмаслиги танқид қилинди.

Top