Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳодиса 9 март куни содир бўлган. Matiz ҳайдовчиси Бўстонлиқ тумани Азадбаш қўрғони ҳудудида ўзи билан битта йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган автомобилдаги бир оила вакилларига қурол ўқталиб, машинани тўхтатишга уринган.

“Фуқаролар бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ навбатчилик қисмига хабар бергач, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 1997 йилда туғилган Matiz ҳайдовчиси М.А. транспорт воситасини ташлаб қочиб кетаётган вақтида Бўстонлиқ тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори Э.Игамов томонидан ушланди.

Холислар иштирокида автоулов кўздан кечирилганда машинада пневматик қурол борлиги ва ҳайдовчи маст ҳолда экани (тиббий хулосада) аниқланди”, дея Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ бошлиғи матбуот котиби Рустам Асқаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, аниқланган ҳолат юзасидан қонунда белгиланган тартибда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ҳайдовчи ва далилий ашёлар қонуний чора кўриш учун Бўстонлиқ тумани ИИБга топширилган.