Самарқанд аэропортида пневматик қурол ва унинг 550 дона ўқини олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди
Ҳужжатлар расмийлаштирилиб, пневматик қурол ва унга тегишли қўрғошин ўқлар вақтинчалик сақловга олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд халқаро аэропортида Россиядан келаётган шахснинг юклари орасидан пневматик қурол ва унинг 550 дона ўқи топилган. Бу ҳақда вилоят Божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Самарқанд халқаро аэропортига “Домодедово-Самарқанд” йўналишидаги қатнов билан учиб келган шахс “яшил” йўлак орқали ҳаракатланиб, божхона назоратидан ўтаётганида ходимлар томонидан тўхтатилиб, йўловчининг багаж ва қўл юклари кўздан кечирилган.
Шунда йўловчида божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, оғзаки сўровда маълум қилинмаган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган, қиймати 3,1 млн сўмлик 1 дона “МР-512” русумли, 4,5 мм калибрли пневматик қурол ҳамда унга тегишли 550 дона қўрғошин ўқлар ва 1 дона оптик нишонга олиш асбоби борлиги аниқланган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, пневматик қурол ва унга тегишли қўрғошин ўқлар вақтинчалик сақловга олинган. Ҳозирда божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, пневматик қуролдан ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларисиз фойдаланиш, уни олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқиш ҳамда Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит олиб ўтиш – қуролни мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Мавзуга оид
19:02 / 21.11.2024
Фарғона аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
17:53 / 20.11.2024
Тошкент халқаро аэропортида учиб келиш залини реконструкция қилиш бошланди
08:51 / 20.11.2024