Самбо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби Камолиддин Расуловнинг ўлими юзасидан 2022 йилнинг 8 февраль куни бошланган суд мажлиси 14 март куни якунига етди. Судланувчи Шуҳрат Тўрабоев Камолиддин Расуловни ўлдирганликда айбдор деб топилиб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Шуҳрат Тўрабоев / Фото: «Дарё»

2012 йилда ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган, кейинчалик фаолиятини дзюдо спортида давом эттириб, 2019 йили Тошкентда бўлиб ўтган халқаро Гран-при турнирида 81 кг вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритган Камолиддин Расулов 2021 йилнинг 13 сентябрь куни таниши томонидан бир неча жойидан пичоқланган, олган жароҳатлари натижасида вафот этганди.

Камолиддин Расулов

Маълум бўлишича, унинг жонига қасд қилган шахс ҳам спортчи бўлган, икковлон аввалдан таниш бўлишган.

«Қанақа витамин оляпсан, деб сўраганимда битта витаминнинг номини айтди. Ўшани сотиб олиб, қабул қилганимдан кейин соғлиғим ёмонлашди. Унга телефон қилиб «Шу витаминни ичганингдан кейин ҳаммаси зўр бўлади, дегандинг, умуман «нол»га тушиб кетяпман-ку. Организмим, билакларим қуриб кетаётганга ўхшаяпти», деганимда, у биз ярим миллиграммдан бир миллиграммгача қабул қиламиз, деб айтди. «Менга тўрт миллиграммдан ичкиздинг-ку, умуман қуриб кетдим», деб айтдим унга. Қўрқитиш учун ўзим билан пичоқ олиб олгандим. Жонимдан тўйиб кетганлигим сабабли. У соғлиғимдаги ўзгариш витаминданмас деявергандан кейин, жаҳлим чиқиб, нима қилганимни билмай қолдим. Ота-онасидан кечирим сўрайман. Яхши иш қилмадим барибир. Уям яхши иш қилмади, мен ҳам яхши иш қилмадим», деган судда айбланувчи.

Ҳодиса содир бўлган куни айбланувчи Камолиддин Расуловга қайта-қайта қўнғироқ қилиб, у билан учрашмоқчи эканини айтган. Марҳум 13 сентябрь куни соат 21:30 да Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи танишининг уйи яқинига боради. Суҳбат жанжалга айланиб кетади, айбланувчи ошхона пичоғи билан 29 ёшли Камолиддин Расуловни бир неча марта пичоқлаб, қасддан ўлдиради.