Одатда ДХМларда иш вақти 9:00дан 18:00гача бўлса-да, шу кунларда марказлар “сўнгги мижозгача” режимида ишламоқда, яъни ҳайдовчилик гувоҳномалари ярим кечаси ҳам алмаштириб берилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Шунга қарамай, кечқурун ҳам узун навбат шаклланган.

Эрталаб соат 7да келиб навбат олганмиз. Орада 2-3 марта ишларимизни ҳам битириб келдик. Ҳалиям навбатимиз келмади. Навбатим 219, ҳозир 192га келди. Ходимлар яхши ишлашяпти, лекин шунча одам кутиб ўтирибди. Бу узун навбатнинг сабабини билмадим-у, лекин бу ерда битта ходим хизмат кўрсатяпти. Шуни кўпайтиришни таклиф қилардим”, – дейди навбат кутаётганлардан бири.

Ҳайдовчилик гувоҳномамни 2008 йилда олгандим. Муддати келиб қолганди. Навбатимиз ҳозир келди. Ходимларга раҳмат, соат 23:00га яқинлашса ҳам ишлаб ўтиришибди”, – дейди ҳайдовчилардан яна бири.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳри бошқармаси бош маслаҳатчиси Жалолиддин Холмуродов марказларда бундай узун навбатлар шаклланиши сабабларига тўхталди.

Ҳозирда битта туман давлат хизматлари марказида кунига 250-300 дона ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштиришга муваффақ бўляпмиз.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан 2010 йилгача олинган ҳайдовчилик гувоҳномаларини 2022 йил 31 мартига қадар, 2010 йилдан 2012 йилларда олинганларини 2022 йил 30 июнга қадар, 2013 йилдан 2015 йилгача олинганларини 2022 йил 30 сентябрга қадар, 2015 йилдан кейин олинганларини 2022 йил 31 декабрга қадар янгисига алмаштириш лозим.

Бунда фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида марказларда “сўнгги мижозгача” иш режими ўрнатилган. Яъни кундузи навбат олган фуқароларга навбат тугагунча ярим тун бўлиб кетса ҳам хизмат кўрсатилади.

Навбат узунлиги сабабли фуқаролардан эътирозлар келиб тушяпти.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида 2010 йилгача олинган ҳайдовчилик гувоҳномаларини 2022 йил 31 мартига қадар янгисига алмаштириш белгиланган бўлса-да, фуқароларимизда “31 мартгача алмаштирмасам, гувоҳномани алмаштиришда қайта имтиҳон топширар эканман” деган нотўғри тушунча пайдо бўлган. Бу эса марказларимизда навбат ошиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, 2012 ёки 2013 йилларда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштиришга фуқароларда ҳали муддатлари бор