Uzbekistan Airports хабарига кўра, Тошкент аэропортида қалин туман туфайли - кўриш масофаси 150 метрга яқин - Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича THY-368 рейси бортида 259 йўловчи бўлган Turkish Airlines самолёти белгиланган аэропортга қўна олмади ва соат 08:45 да Бишкекдаги муқобил аэродромга жўнаб кетди.
 
Air Cairo авиакомпаниясининг MSC-771 рейси Шарм-ал-Шайх – Тошкент йўналишида кўриш имконияти ёмонлиги (200 метр) туфайли Навоийдаги муқобил аэродромга йўл олди. Бортида 172 йўловчи бўлган самолёт соат 09:35 да Навоий аэропортига қўнди. 

Тошкент вақти билан соат 10:14 да халқаро аэропортдаги чекловлар бекор қилинди. Бу соатга келиб кўриш масофаси 2000 метрга яқинни ташкил этган. 

Turkish Airlines’нинг THY-368 рейси Тошкентга соат 11:47 да қўнди, Air Cairo самолёти маҳаллий вақт билан соат 12:07 да пойтахт аэропортига қўнишни амалга оширди.