Украинада уруш бошланганидан буён тинч аҳоли вакилларидан камида 847 киши ҳалок бўлган, 1399 киши яраланган. Бу ҳақда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг бошқармаси маълум қилди.
Бу ўлимлар ва яраланиш ҳолатларининг аксари оғир артиллерия, баравар ўт очиш тизимлари қўлланиши, шаҳарларга ракеталар учирилиши ва авиазарбалар берилиши оқибатида содир бўлган.
БМТ ҳақиқий рақамлар «анча кўп бўлиши мумкинлиги»ни қайд этган. Ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган Мариупол, Волноваха, Изюм каби шаҳарлардан сўнгги маълумотлар келиши кечикмоқда.
Россия ҳарбийлари томонидан бир неча ҳафтадан буён қамалда бўлган Мариупол шаҳри доимий равишда ўққа тутиб келинмоқда. Маҳаллий расмийлар 13 март куни қурбонлар сони 2300дан ошиқ эканини хабар қилганди.

















