Хусусан, АҚШ президенти Жозеф Робинетт Байден ва ХХР раиси Си Жинпинг Ўзбекистон раҳбарини байрам билан қутлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Ҳурматли Президент жаноблари!

Сизга ва Ўзбекистон халқига Наврўз бахтли ва фаровон бўлишини тилайман. Бу барча учун тинчлик ва янгиланиш байрамидир, жорий йил эса мамлакатларимиз дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаётгани билан алоҳида аҳамиятлидир.

Менинг маъмуриятим пандемияга қарши кураш, стратегик шериклигимизни чуқурлаштириш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги муваффақиятли саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш учун келгуси йилда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан умидвор. Мамлакатингизни Америка инвестициялари учун жозибадор қилишига ёрдам берган иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз.

Шунингдек, Сиз билан C5+1 жараёни доирасида умумий минтақавий мақсадларимиз йўлидаги ишларимизни давом эттиришга интиламиз

Наврўз муборак!

Ҳурмат билан,

Жозеф Робинетт Байден,

Америка Қўшма Штатлари президенти

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Президент жаноблари!

Хитой ҳукумати ва халқи номидан ҳамда ўз номимдан Сизни Ўзбекистоннинг анъанавий байрами Наврўз муносабати билан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

Яқинда сиз билан Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигиининг 30 йиллигини нишонладик. Пекиндаги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросими доирасида дўстона муҳитда сермаҳсул учрашув ўтказдик ҳамда икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш ва биргаликда “Бир макон, бир йўл”ни барпо этиш, COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан янги келишувларга эришдик.

Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқдаман ва Сиз билан биргаликда мамлакатларимиз равнақи ва халқларимиз фаровонлиги йўлида анъанавий дўстликни мустаҳкамлаш ва икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга тайёрман.