“Микрофон – қизларда” лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони – Райҳона Исроилова 2003 йилда туғилган, яқинда 19 ёшга тўлади. У Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Дардоқ қишлоғида туғилган. 18 ёшидаёқ Paynet компаниясида дастурчи сифатида иш топиб, фаолият юритишни бошлаган. Иродали, ўрганиш машаққатидан қочмайдиган Райҳонанинг ўзига хос ҳикояси бор.

Аввал стюардесса, кейин таржимон бўлиш орзуси

Мактабда ёмон ўқимаганман, лекин ўзимни зўр ўқувчи деб ҳисобламасдим. Юқори синфга ўтгач, 5–6-синфда инглиз тили ўқитувчимиз мени тилга йўналтириб, туман, вилоят олимпиадаларига олиб борганди. Шу-шу инглиз тилига қизиқиб қолгандим.

7-синфда пайтим мактабдаги дарслардан қониқмай Қўрғонтепа марказидаги ўқув марказида инглиз тилини ўрганишни давом эттирдим. Дастлаб, орзум стюардесса бўлиш эди, бироқ қариндошларим бошқа касб танлашни маслаҳат беришган. Аммамнинг бир қизи таржимон бўлиб ишлайди, унга ҳавас қилиб, таржимон бўламан деб мақсад қилгандим. Шу сабаб 9-синфни тугатиб, Жаҳон тиллари университети қошидаги лицейга ҳужжатларимни топширдим, лекин киролмадим. Бирор нарсага астойдил ҳаракат қилиб уддалай олмаганлик кайфиятида эдим, қишлоққа қайтиб боргим келмаган.

Нима қилишни, энди ўқишимни қандай давом эттиришни билмаганман. Шунинг учун ўртада Тошкентга қариндошларимизникига келиб, тайёрланиб IELTS'дан 6 балл олдим. Яна менда ноаниқлик пайдо бўлди: асосий мақсадим IELTS олиш эди, ундан кейин қандай ҳаракат қиламан?

Уйдагилар ОТМда ўқишимни хоҳлашди, лекин ич-ичимдан буни негадир хоҳламасдим, бошқачароқ йўналишда ўзимни синаб кўргим келарди. Ўқиган китобларим таъсирида университетда ўқимасдан ҳам ҳаётда инсон ўз йўлини топиши мумкин деган фикрда эдим. Лекин ота-онам истаги билан она тилидан репетиторга бора бошладим.

“Телефонни танласанг, эрга тегасан”

Ота-онам иккови ҳам олий маълумотли, ўқимишли кишилар. Улардан репетиторга бориб юрган пайтларим телефон олиб беришни сўраганимда отам шарт қўйганди: “Сенда 2 та йўл бор: ё телефонли бўлиб, эрга тегасан ёки ўқишни танласанг телефонсиз ўқийсан, ўзинг ҳаракат қиласан”. Шу гапдан сўнг ўқишни танладим ва қайтиб телефон ҳақида оғиз очмадим.

Она тилини ўзим унча хоҳламай ўқиганим учун етарли натижани кўрсата олмадим. Биз ОТМга топширган йили (2020 йилда) карантин бошланиб, фақат 2та фандан имтиҳон олинганди. Менда инглиз тилидан сертификат бор, ўшанда мактабда мендан бошқа ҳеч кимда чет тили сертификати йўқ эди, шунинг учун ҳамма мени ўқишга кирди деб ўйлашган. Лекин она тилидан натижам яхши бўлмагани учун талаба бўла олмадим.