Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бахт шаҳрида қанча хонадон ва ҳовлиларни сув босгани ва қанча одам эвакуация қилингани айтилди
Аввалроқ Kun.uz’да 2022 йил 15 март куни Бахт шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи коллекторидан сув тошиб бир қанча кўчаларда кўплаб хонадонларни сув босгани ҳақида хабар берилганди. Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси сув тошқини оқибатлари ва бажарилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, коллекторда сув сатҳи 4,5 метр куб секундгача кўтарилиши натижасида Бахт шаҳрининг “Хазина”, “Тадбиркор”, “Ишонч”, “Тинчлик” МФЙдаги жами 35 та кўчада сув тошган. 102 та хонадон ва 525 та ҳовлига сув йиғилиб қолган. 679 нафар фуқаро эвакуация қилинган. Сув босган хонадонлардаги аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилиб, озиқ-овқат ва зарур ашёлар билан таъминланган.
Мазкур ҳудудда авария-тиклаш ҳамда сув тошқини ҳудудидан сувларни чиқариб ташлаш тадбирларига махсус техникалар ва зарурий воситалар сафарбар этилган. Жумладан, вилоят ҳудудидаги аҳоли турар жойлари (ҳовлилар), ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари объектлари ҳудудлари ва кўчаларда йиғилиб қолган ёмғир сувларини чиқариб ташлаш учун 40 та ёнғин ўчириш автомобиллари, 25 та мотопомпа, 18 та сув ташиш техникаси ва 202 нафар ФВВ ходими жалб этилган.
Бундан ташқари, Бахт шаҳрига ФВВнинг 14 та ёнғин ўчириш машиналари, 16 та мотопомпа, 11 та чуқурлик насоси, туман ҳокимлиги ва автомобиль йўллари бош бошқармасининг 9 та самосвал, 1 та автогрейдер, 2 та автопогрузчик, 2 та каток, 1 та автокран, 3 та автобус, 2 та сув ташиш техникалари ва 1 та трактори жалб этилиб, 28 та аҳоли хонадонлари ва 103 та уй ҳовлилари ҳамда кўчаларга тошган коллектор сувлари чиқариб ташланган.
Бахт шаҳридаги зарар кўрган 746 та хонадонларида юқумли ва паразитар касалликларнинг олдини олиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Сирдарё тумани бўлимининг 14 нафар ходими томонидан дезинфекция тадбирлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, ВЖД коллекторига қўйилган мосламадан сув сатҳи 1 метргача ва ВЖД-3 коллекторидаги сув сатҳи 20 сантиметргача пасайган. Сирдарё ва Тошкент вилоятлари “Тоза ҳудуд” ДУКнинг 4 тадан махсус техникалари ёрдамида 1920 метр куб тўпланиб қолган сув чиқариб ташланган. Тошқин асоратларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.