Инсонга берилган неъматлардан энг тотлиси, шубҳасиз, фарзанд. Аммо афсуски, ота-оналар ҳар доим ҳам бу неъмат қадрини ва унинг масъулиятини тўла англаб етаверишмайди. Айнан тарбияда йўл қўйилган хатолардан, оиладаги носоғлом муҳитдан бола азият чекади ва улар кўп ҳолларда бунга худди ўзлари сабабчидек «хулқи оғир болалар» дея аталади.

Тарбияси алоҳида назоратга олинган болалар билан суҳбатлашиб кўрганмисиз? Улар ота-оналари ҳақида қандай фикр билдиришади? Ота-она ва фарзанд муносабатларида келишмовчилик қаердан бошланади? Нега айрим ота-оналар боласига эътиборсиз, айрим фарзандлар эса энг яқин инсонларини кўп ранжитади?

Ижодий жамоамиз билан Сирдарё вилояти Бахт шаҳридаги республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасасида бўлиб, у ердаги ўқувчилар билан суҳбатлашиш асносида юқоридаги саволларга жавоб излашга ҳаракат қилдик.

Маълумот учун, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасасида 14–18 ёш оралиғидаги 61 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу ерда уларга 3 йил давомида таълим-тарбия берилади.

«Онамнинг гапи туфайли 2 марта ўз жонимга қасд қилишга уринганман»

Николай, 17 ёшда (Тошкент шаҳри):

— Бу ерга ўтган йили декабр ойида Тошкент шаҳридан келдим. Бунга ота-онам билан келишмовчилик сабаб бўлди. Бу ерга келганимдан кейин характеримда кўп ўзгаришлар бўлди. Тортинмасликни ўргандим, бошқа болаларга қўшилиб, ўз фикримни билдириб, билмаган нарсамни сўрай бошладим.

Бу жиҳат менга келажакдаги касбим учун жуда керак. Келажакда реклама агенти бўлмоқчиман. Илгари шу соҳада ишлаб кўрганман ва буни уддаладим. Бўёқ сотганман. Уни кичик цехда тайёрлардик. Тайёрлаган бўёғимизни сотишга ҳам ёрдамлашганман. Мендан олдин ишлаб кетган қиз ҳафтасига 500–600 блок бўёқ сотган бўлса, мен 1200 блок сотганман.

Тез орада бу ердан кетаман. Мактабдаги ўқишим ҳали тугамайди. Фақат ўқув йилининг 2-чораги тугаган бўлади. Ўзим ўқиган мактабда таҳсилни давом эттирмоқчиман. Шу вақтда бирор иш топаман. Кейинчалик ўқиш харажатлари учун пул ишламоқчиман.