Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, юзага келаётган сурункали ёғингарчиликлар туфайли Сирдарё туманидаги хўжаликлараро коллекторининг Бахт шаҳарчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида сув сатҳи меъёридан ошиб кетган. Оқибатда, қишлоқ хўжалигининг шудгор ерлари, маҳаллалар ва аҳоли яшаш хонадонларини сув босган.


Жумладан, Бахт шаҳри “Хазина” МФЙнинг Ҳамиятли кўчасида 21 та, Тароватли кўчасида 7 та, Улуғ йўл кўчасида 35 та, Пешқадам кўчасида 12 та, Янги қурилиш кўчасида 27 та хонадонга сув кирган.


Зудлик билан вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида Бахт шаҳри ИИБда тезкор штаб ташкил этилиб, туман ҳокимлиги, ФВБ, ИИБ, МГ ходимлари ва маҳалла вакилларидан иборат 3 та ишчи гуруҳ тузилган.


Ишчи гуруҳ томонидан сув тошган хонадонлар аҳолисини хавфсиз ҳудудларга кўчириш ҳақида огоҳлантириш хатлари берилиб, “Хазина” МФЙдан 20 та хонадонда яшовчи 68 нафар фуқаро вақтинчалик яқин қариндошлари хонадонларига кўчирилган. Кўчирилган аҳоли учун тиббий ва бошқа таъминот тадбирлари ташкил этилган.






















