Ўзбекистон | 08:50 / 24.03.2022
8285
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда фаол қариш индекси жорий этилади

Кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражаси ва ижтимоий фаолликларини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси маъқулланди.

Фото: Getty Images

Ҳужжатга кўра, халқаро тажрибадан келиб чиқиб мамлакатда фаол қариш индексини жорий этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси киритилади.

Кексаликнинг ҳар бир ёш тоифаси бўйича тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилишга қаратилган буклетлар ҳамда бошқа тарқатма материалларни тайёрлаш ва хонадонларга етказилишини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Спорт соҳасида республика ва халқаро майдонларда ғолибликни қўлга киритган фахрий чемпионлар, спортчи-полвонлар иштирокида маҳаллаларда ёшлар учун «Унутилмас чемпионлар», «Фахрий полвонлар» мавзуларида учрашувлар ҳамда мусобақалар ташкил этилади.

Маҳаллаларда кексалар иштирокида оилалар бирдамлигини мустаҳкамлаш, оилада авлодлар ўртасидаги ўзаро алоқани сақлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган анъаналарни ривожлантиришга бағишланган «Миллий қадриятлар, урф-одатлар, оила ва ёшлар» мавзусида туркум маънавий-маърифий тадбирларни тизимли равишда ташкил этиш мўлжалланган.

Кексаларнинг бўш вақтини мазмунли ва фойдали ўтказишини таъминлаш, узоқ умр кўришларига янада кенг шароит ва имкониятлар яратиш, бой тажрибаларини ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш, ўргатиш мақсадида уларнинг уйларида:

  • турли илмий, ижодий ва техник тўгараклар ташкил этилади;
  • касб-ҳунар ўргатишга қаратилган фаолият йўлга қўйилади.

Ушбу йўналишда ташаббускор кексалар мунтазам равишда рағбатлантириб борилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид