21 март кунидаги музокаралар 1,5 соат давом этган. Кейинчалик музокарачилар ишчи гуруҳларга бўлинган ҳолда мулоқотни давом эттирган. Икки томон айтаётган гаплардан музокаралар ўзани қайси томонга қараб кетаётгани ҳақида аниқ хулосага келиш қийин, чунки уруш ҳолатида ҳамма ўз манфаатини ўйлаб гапиради, ахборот уруши чўққига чиққан. BBC экспертлари музокаралар қандай ҳолатда эканини тахмин қилиб кўрди.

Бошланиши

Музокаралар 28 феврал куни бошланди. Бу вақтда урушнинг бешинчи куни ўтаётган, кўплаб одамлар ўлиб бўлганди. Илк учрашув Беларуснинг Гомел областида, Украина чегараси олдидан оқиб ўтувчи Припять дарёси бўйида ўтказилди.

Илк музокараларга борган гуруҳлар кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Россия делегациясини собиқ маданият вазири, ҳозирда Путиннинг ёрдамчиси вазифасида ишлаётган Владимир Мединский бошқарди. У Россия ҳарбий-тарихий жамияти раиси ҳам ҳисобланади. Россия музокарачилари гуруҳига ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко, Россиянинг Беларусдаги элчиси Борис Гризлов, Дума халқаро муносабатлар қўмитаси раиси Леонид Слуцкий, мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин ҳам киритилди.

Украина музокарачилари сони камроқ эди: мудофаа вазири Алексей Резников, «Слуга народа» фракцияси раиси Давид Арахамия, Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк ва ҳарбий разведкачи Денис Киреев.

Гомелдаги учрашувдан бир неча кун ўтиб музокараларда аниқ қандай вазифа бажаргани маълум бўлмаган ҳарбий разведкачи Денис Киреевнинг жасади топилди. Аввалига у давлатга хиёнат қилгани учун отиб ташлангани ҳақида хабарлар чиқди, кейинчалик Украина развдекаси Киреев махсус амалиёт вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлганини хабар қилди.

Гомелда ўтган биринчи раундда томонлар айтарли ҳеч нарсага келиша олмади, аммо музокара бошланганининг ўзи катта нарса эди. Зеленский офисида ўт очиш режимини тўхтатиш ва Украинадан рус аскарларининг олиб чиқиб кетилиши музокараларнинг бирламчи мақсади эканини айтишди. Кремль музокаралардан аввал қандай талаблар илгари суришини эълон қилмади, лекин Путин ва Лавровнинг сўзларидан Россия Украинани «денацификация» ва «демилитаризация» қилишни истаётгани англашиларди.

Бу терминларнинг маъносини уруш бошланганидан бир ой ўтган бугунги кунда ҳам кўпчилик тушунмайди ва уларни изоҳлаш керак бўлади. Песковнинг тушунтиришича, «денацификация» Украина ҳукуматини қўлга олган миллатчиларни йўқотиш ҳисобланади. Кремль бу борада аниқ исмларни келтирмаган, кейинроқ Песков Россия Зеленскийни ҳамон Украинанинг легитим президенти деб тан олишини ҳам айтди.