24-26 март кунлари Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Kun.uz анжуманда янграган айрим фикр-мулоҳазаларни келтириб ўтади.

«Асосий мақсад – бюрократик чекловларни олиб ташлаш» Марио Ебсим

Марио Ебсим

Boeing компаниясининг минтақавий директори Марио Ебсим туризм соҳасини ривожлантириш учун сарфланган маблағ мамлакатга ортиғи билан даромад келтириши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

«Туризм нафақат даромад келтиради, балки кўплаб одамларни иш билан ҳам таъминлайди. Бу соҳага аёлларни жалб қилиш жуда муҳим. Асосий мақсад – бюрократик чекловларни олиб ташлашдир.

Экспертларнинг баҳолашича, туристик хизматлар учун тўғридан тўғри сарфланган ҳар бир доллар турдош соҳаларда тахминан қўшимча уч доллар даромад келтиради. Кўплаб хорижлик сайёҳлар учун бирданига Осиёдаги бир неча мамлакатга ташрифни кўзда тутувчи турлар қизиқ бўлар эди ва бу мамлакатларга ҳам яхшигина фойда келтиради».

«Ҳудудий қатновлар учун 40га яқин йўналишлар очишни режалаштиряпмиз» Раъно Жўраева

Раъно Жўраева

Uzbekistan Airports раҳбари Раъно Жўраева ҳудудий қатновлар камлиги, шу сабабдан ҳам одамлар ҳаракатланишда муаммоларга дуч келаётгани ҳақида айтиб ўтди.

«Аэропортлар Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида бор, уларнинг яхши фаолият юритиши туристик соҳани ривожлантириш учун жуда муҳим. Ҳозирда мамлакатда мавжуд авиақатновларга талабни қўллаб-қувватлаш учун ўтган йили ҳудудий авиакомпания ташкил этиш ташаббусини илгари сурдик.

Ҳудудий қатновлар кам, уларни ривожлантириш керак, шу боис 40га яқин йўналишларни очишни режалаштиряпмиз. Ҳозир одамлар автотранспорт, поездлар орқали ҳаракатланиб, чипталар тақчиллиги сингари ноқулайликларга дуч келишмоқда. Миллионга яқин одам ўтган йили миллий авиакомпания хизматларидан фойдаланди, бироқ амалда бу кўрсаткич бундан анча юқори бўлиши керак. Яқинда биз Самарқандда аэропорт қурдик ва давлат ушбу лойиҳани хусусий ҳамкорлар инвестицияларидан фойдаланиб амалга оширди».