У йилларнинг ўзига хослиги ҳали интернет, ижтимоий тармоқлар ривожланмаган, расмий ОАВ бундай муаммоларни кўп ҳам ёритавермасди. Аниқ сабаблари номаълум тарзда Фарғона водийсида, хусусан Андижон вилоятининг қатор туманларида каламушлар ниҳоятда кўпайиб кетди. Каламуш каби зараркунанда ҳар доим ҳам бўлган ва катта эҳтимол билан ҳамиша бўлади. Аммо ўша йилларда водийда том маънода каламушлар босқини кузатилди. Каламушлар ҳар доимгиларга нисбатан анча катта, узун мўйловдор ва жуда тажовузкор эдилар. Сувда бемалол суза олар, одамдан қўрқмас, энг эҳтиёт қилинган озиқ-овқатни ҳам топа билишарди.
Ўша жараёнларга бевосита гувоҳ бўлган айрим юртдошларимиз билан суҳбатда бўлдик.
Аҳлиддин Мамадалиев: “Омборларда ҳам дон-дун сақлашнинг иложи бўлмай қолди”
– Ўша йиллар яхши эсимда. Каламушларнинг кечалари томда қий-чув қилиб югуришларидан ухлолмай чиқардик. Бу шунчалик узоқ вақт давом этдики, охири кўникиб ҳам қолдик. Олдин қолдиқ овқатларни, чиқиндиларни титиб ейишни ўрганишди. Кейин захираларимизга ўтишди, охир оқибат, қаерга нима яширмайлик, топиб ола бошлашди.
Шунчаликка боришдики, умуман уйда бирор нарса сақлай олмай қолдик. Бозорларда ҳам нарх-наво сезиларли оша борди. Чунки омборларда ҳам дон-дун сақлашнинг иложи бўлмай қолди.
Кўчаларда каламушлар тўда-тўда бўлиб юришни ўрганишди, ариқларда суза бошлашди. Аввалига одамни кўрса қочиб кетишарди, кейин-кейин ёнига бориб ҳайдаса ҳам кетмайдиган бўлиб кетишди.
Мадамин Ҳомидов: “Жонзотга ҳам ақл кираркан”
– Бутун бир маккапоя (маккажўхоризор) шамол бўлмаса-да, шамолдек шовиллаб қимирлаб туришини тасаввур қила оласизми? Каламуш шу даражада кўпайгандики, бутун далаларни қоплаб оларди, маккапояларга чиқиб кетиб, ерга йиқитиб ейишарди.
Молларнинг емини ҳам сақлаб бўлмай қолди. Товуқнинг тухумига қирон келди. Бир ҳолатни айтсам ҳайрон бўласиз – одамлар тухумни саватга солиб, симга осиб қўядиган бўлишди. Каламушлар симга осилиб саватга тушганда ҳам тухумни олиб тушиб кета олмайди, деб ўйлашганда. Каламушлар эса шунинг ҳам йўлини топишди: биттаси симга осилиб саватга тушади. Кейин тухумни думалатиб, битталаб пастга ташлайди. Пастда қолган шериклари ғуж бўлиб туришади, тухум уларнинг устига тушиб, пачақланиб кетмайди. Олиб кетишни қаранг – биттаси тухумни қучоқлайди, қолганлари думидан, оёқларидан судраб кетишади. Бир жонзотга ақл ҳам битаркан-да бунақа пайтларда...
Муборак Йўлчиева: “Каламуш тишлаган одамлар шифохоналарда даволаниб чиққанди”
– Каламушнинг одамни тишлашига бугун биров ишонмаса керак. 2000 йиллардаги зараркунанда босқинида бир неча қариндошларимизни каламуш тишлаган. Кўпчилик шифохоналарда даволаниб ҳам чиққанди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, одамлар қўрқувдан ёш чақалоқларни қучиб ётадиган бўлишди. Чунки бешикдаги бир боланинг қулоғини каламуш ғажигани ҳақидаги ваҳимали хабарлар тарқалганди.















