Бугун, 29 март куни Намангандаги «Марказий» стадионда қарийб 20 минг томошабин қаршисида кечган финал баҳсида Ўзбекистон миллий жамоаси Угандага қарши саф тортди. Шиддатли кечган учрашувнинг 35-дақиқасида Жалолиддин Машарипов африкаликлар ҳимоячиси ва дарвозабонининг қўпол хатосидан кейин ҳисобни очди – 1:0.

Машариповнинг голига ассистентлик қилган Шомуродов 39-дақиқада Амонов билан ажойиб комбинация уюштириб, Намангандаги стадионни иккинчи марта ларзага келтирди – 2:0.

Иккинчи бўлимнинг 52-дақиқасида Мия ҳимоячиларимиздан чаққоноқ ҳаракат қилиб, фарқни қисқартирди – 2:1

Икки дақиқа ўтар-ўтмас катта саҳнага яна Шомуродов чиқди. Элдор қарши ҳужумда Ҳожимат Эркиновнинг узатмасини голга айлантириб, дубль қайд этди – 3:1.

72-дақиқада эса Шомуродов ўзи учун ноодатий бўлган, жарима майдони ташқарисидан зарба йўллаб, ҳет-трикка эришди – 4:1.

78-дақиқада эса Окви бу борада Элдордан қолишмаслигини кўрсатиб, йирик ҳисобни қисқартирди – 4:2.

Якунда ушбу натижа бошқа ўзгармади ва Ўзбекистон миллий жамоаси финалда Уганда устидан ишончли ғалабага эришиб, Намангандаги «Navruz Сup-2022» ғолибига айланди. Учинчи ўрин эса Қирғизистонни мағлуб этган (1:0) Тожикистон миллий жамоасига насиб этди.