
29-30 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва унинг рафиқасини Тошкент халқаро аэропортида президент Мирзиёев ва унинг рафиқаси кутиб олди. Юксак мартабали меҳмон шарафига Миллий гвардия Фахрий қоровул қўшинлари саф тортди.


Ташриф “Янги Ўзбекистон” боғи билан танишишдан бошланди. Мартабали меҳмон Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Фахрий қоровул олий мартабали меҳмон қаршисида янги либосда саф тортгани жамоатчиликнинг эътиборини тортди. Жумладан, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев Фахрий қоровул хорижий давлат раҳбари олдида илк марта янги либосида кўриниш бергани ҳақида ёзди.

У ўтган йилнинг октябрида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни тантанали кутиб олиш маросимида Фахрий қоровул эски формада бўлганига эътибор қаратган.




















