Президент Шавкат Мирзиёев Юқори Чирчиқ туманида барпо этилган Миллий футбол марказини бориб кўрди.

Давлат раҳбари икки йил олдин бу ерга ташриф буюриб, мавжуд стадионга туташ ҳудудда замонавий мажмуа бунёд этиш зарурлигини айтган эди. Кўп ўтмай, 2023 йил 3 ноябрда “Футбол-таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос келадиган футбол инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори имзоланди.

Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган мазкур марказ бунда жуда муҳим бўғин. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 6 та терма жамоамизнинг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш имконияти бор. Бунинг учун стадионлар, ўқув бинолари, спорт заллари, меҳмонхона барпо этилган. Пляж футболи майдони, футзал манежи, бассейн ва реабилитация бўлими қўшимча қулайликлар яратган.

Мажмуада профессионал футболчи ва мутахассисларни тайёрлаш учун тўртта тузилма ташкил этилди. Булар - Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, Футбол терма жамоалари тайёргарлик маркази, Республика футбол академияси, Спорт тиббиёти ва реабилитация марказидир.

Президент уларда яратилган шароитлар билан танишди.

Футбол тиббиёти ва реабилитацияси бўлимига хорижий ускуналар олиб келинган, энг илғор услублар ўзлаштирилган. Бу футболчиларга қисқа вақт ичида жисмонан тикланиш имкониятини беради.

Футбол академиясида ёш истеъдодлар сараланиб, тарбияланади. Буни халқаро даражада ташкил этиш учун марказга Аргентина, Венгрия ва Хорватия каби давлатлардан мутахассислар жалб қилинган. Улар малакали мураббий, ҳакам, таҳлилчи, селекционер ва футбол менежерларини тайёрлашда иштирок этмоқда. Мажмуада “VAR маркази” ҳам ташкил этилган.

Давлат раҳбари шу ерда спорт фахрийлари ва ёш футболчилар билан суҳбатлашди. Ўзбекистонда футбол энг оммавий спорт экани, уни ривожлантириш изчил давом эттирилиши таъкидланди.