Урганч давлат университетида талабалар учун охирги бир неча ой ичида иккинчи марта янги форма талаби жорий этилмоқда.
Kun.uz'га келиб тушган аудиода олийгоҳ масъулларидан бири экани айтилган шахс талабаларга янги форма масаласида кўрсатма берган.
“Университетимиз “женсовети” (хотин-қизлар қўмитаси – таҳр.) форма расмларини ташлабди. Ўғил болалар тўқ кўк рангли костюм-шим, қизлар юбка-кофтадан икки вариантдан бирини танлаб тиктириши шарт. Бошқа муҳокама, “мен олдим, мен қўйдим, нима қилай?” деган гаплар бўлмайди. Университет талаби қўйилдими – бажаришга мажбурмиз. Бугундан ҳаракатни қилинг, шу формани тиктириб киясизлар”, – дейилади аудиода.
Шунингдек, университет гуруҳларида ўқитувчи-тюторларга талабаларнинг кийим ўлчамларини йиғиш бўйича топшириқ берилгани айтилмоқда.
Манбага кўра, жорий йил апрел–май ойларида ҳам УрДУ талабалари учун янги форма жорий қилинган. Унда адрас матоли форма талаб қилинган бўлса, орадан бир неча ой ўтиб, янги ўқув йили арафасида яна бошқа – кўк ва оқ рангли форма харид қилиш талаби қўйиляпти.
Форма – тартиб масаласими ёки ортиқча харажат?
Ўзбекистон олий таълим тизимида талабаларнинг формаси масаласи узоқ йиллардан бери баҳс ва муҳокамалар марказида бўлиб келади.
Икки йил олдин Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари талаб қилинган дизайндаги формани сотиб олиш ва кийиш бўйича талабаларга босим ўтказган эди.
Ўтган ўқув йилида эса Журналистлика ва оммавий коммуникациялар университетида бир гуруҳ талабалар формаси йўқлиги учун дарсга киритилмагани айтилган, маъмурият эса улар дарсга кечикиб келгани сабабли олийгоҳга қўйилмаганини билдирганди.
Мазкур муҳокамаларда Олий таълим вазирлиги сўнгги йилларда мудом бир фикрни айтиб келади: талабаларнинг кийиниши юзасидан ҳар бир ОТМ ўз ички тартиб-қоидаларидан келиб чиқиб талаб белгилашга ҳақли.
Шу билан бирга, вазирлик томонидан талабалар формаси бўйича ОТМларга талаб қўйилмаслигини айтиб келади.
Бироқ бу ерда бошқа савол пайдо бўлади: ички тартибда кийиниш талабини белгилаш билан талабаларга муайян моделдаги янги кийимни (баъзан қисқа муддатларда қайта-қайта) тиктириш мажбуриятидан қандай манфаат бор? Қолаверса, бундай форма ким томонидан танлангани, унинг нархи қанча экани, талабаларга муқобил вариантлар берилган-берилмагани ва аввалги формани олган талабаларнинг янги формага яна харажат қилиш зарурати қандай асослангани ҳам очиқ қоляпти.
Таълим масканими ёки диплом фабрикаси: олий таълимда бугун стандартлар қандай?









