Суҳбат аввалида Ортиқали ака Россияга қандай бориб қолгани, ўша пайтда ўзи дуч келган муаммолар ҳақида гапириб берди.
— 1977 йилда туғилганман, Наманган вилояти Поп туманида яшайман. Икки нафар фарзандим бор, иккиси ҳам талаба. Қизим Тиббиёт институтида, ўғлим эса Техника университетида шартнома асосида ўқийди. Россияга 2012 йил баҳор ойларида келиб, мавсумий ишлаб кетганман. 2013 йил яна келдим. Биринчи келганимда уста, кейинги сафар кўча тозаловчи бўлиб ишлаганман. Домодедово районидаги савдо марказида тахминан 7 ойча ишладим ва яна юртимга қайтдим.
2014 йил келиб ишлаб кетганман, 2015 йил соғлигим ёмонлашгани сабабли келолмадим. Ўшандан буён ҳар йили Россияга келаман. Мана шу охирги 3 йиллик Россияда энг узоқ муддат юрган пайтим бўлди. Фарзандларим ўқиши ва уй қураётганим сабаб узоқ муддат туришга мажбур бўлиб қолдим. Бошида кўп қийинчиликлар бўлган. Умуман тил билмасдим. Шу сабаб яхши жойларга ишга кира олмадим ва оддий шу кўча тозаловчилик касбини ўзимга раво кўрганман. Худога шукур, ҳозирги пайтда жуда равон бўлмаса-да, ҳар ҳолда рус тилида мулоқот қиламан, тушунтира оламан”.
“Ўзимиз кам есак ҳам, кам кийсак ҳам болаларни одам қилайлик, ўқитайлик, уй қилайлик деб ватандан узоқда юрибмиз”.
— 2019 йил 18 июндан бери шу ерда – Подольск шаҳридаги бизнес марказида хўжалик ишларида ишлайман. Ишим ўртача оғир, иш вақтим 10 соатлик бўлгани билан иш ҳажми кўп, шу ишни қилмасам, аниқ даромад чиқмайди. Мендан бошқа ҳеч ким йўқ, ҳамма ёқни ўзим тоза сақлайман. Раҳбарларим арманилар, улар билан жуда аҳилмиз, ҳурматимни жойига қўйишади. Ҳар доим нима дейишсаям ўзларининг гапиришларига ўхшаган оҳангда “хорошо” деб жавоб қиламан. Бирга ҳазил-ҳузул қилиб ишлаймиз. Булардан фақат ибодат учун шароит сўраганман, қилиб беришган. Ўзимиз кам есак ҳам, кам кийсак ҳам болаларни одам қилайлик, ўқитайлик, уй қилайлик деб ватандан узоқда юрибмиз.
“Иш ўринлари қисқаряпти, кимдир иш топа олмайди, яна кимдир харажатларга пул етказа олмай сарсон”.
— Бошида 45 минг маошга келишгандик. Бундан олдин бироз муддат кимёвий тозалашда ишлаганман. 80–90 минг рубль ойлик олардим. У ерда заҳарли моддалар бўлгани сабаб қўшимча ҳақ тўлашар эди. Бироқ буни соғлигим кўтармаган ва ҳозирги иш жойимга келганман. Бу ерда оз муддат ишладим-да, штат қисқариши бўлиб, ишдан бўшатилдим.
Кейин маълум муддат карантин бўлиб қолди. Карантин вақтида 30 минг рубль ойликка бир базада ишладим, “котёл”га кечаси-ю кундузи ўт қалайман, ўтин қиламан. Кейинчалик эса 2019 йил ёз фаслида бу ерга чақириб, 45 минг рубль ойлик ваъда қилишди. Аллоҳга шукур, мана, ишлаб келяпман, маошимни ҳам 50 минг қилиб беришди. Якшанба – дам олиш куни.














