Ўзбекистон | 16:26 / 05.04.2022
7695
2 дақиқада ўқилади

"2021 йилда судларга юборилган коррупцияга оид жиноят ишлари банк соҳасида 300 фоизга, таълим тизимида 120 фоизга ортди" – Танзила Норбоева

2021 йилда судга юборилган жиноят ишлари сони ўтган йилга нисбатан банк соҳасида 300 фоизга, таълим тизимида 120 фоизга ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида 100 фоизга ортган. Бу ҳақда бугун, 5 апрель куни Сенатда бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг навбатдаги мажлисида Кенгаш раиси Танзила Норбоева маълумот берди.

Маълум қилинишича, коррупцияга оид жиноятчиликка қарши кураш борасида олиб борилган амалий чора-тадбирлар ушбу ушбу жиноятларни фош қилиш даражаси ортганлигини кўрсатмоқда.

«Хусусан, 2021 йилда 5 483 нафар шахсга нисбатан 3 769 та коррупциявий жиноят ишлари судларга оширилган. Яъни судга юборилган жиноят ишлари ҳамда жавобгарликка тортилган шахслар сони ўртача 3 бараварга кўпайган. Коррупцион жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига етказилган зарар белгиланган тартибда ундириб келинмоқда.

Судларга юборилган жиноят ишларининг ҳар учтадан биттаси, эътибор қилинг – соғлиқни сақлаш, таълим ва банк тизими ходимлари томонидан содир этилган. Коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилган кескин чоралар натижасида судга юборилган жиноят ишлари сони ўтган йилга нисбатан банк соҳасида 300 фоизга, таълим тизимида 120 фоизга ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида 100 фоизга ортган», – дея Сенат раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, расмийлар таҳлилларга кўра, коррупцияга оид жиноятларни содир этишда тўғридан тўғри порахўрлик билан эмас балки, фирибгарлик йўли билан ўзгалар мулкини ўзлаштириш ҳамда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш кўринишидаги жиноятларни содир этиш ҳолатлари кўпаяётганини қайд этди.

«Албатта, бу билан жамоатчилик онгида коррупция билан боғлиқ жиноятчилик ортмоқда, деган бир томонлама фикр шаклланиши керак эмас. Энг аввало, коррупцияга қарши курашиш сиёсатини олиб боришда давлат раҳбарининг қатъий иродаси турибди», – деди Танзила Норбоева.

Мавзуга оид