Уч ҳафталик танаффусдан сўнг, бугун – 5 апрель оқшомида Чемпионлар лигаси мадҳияси садолари остида чоракфинал баҳсларига старт берилади. Сешанба куни «Атлетико» яна Манчестерга сафар қилса, «Ливерпуль» Португалияда тўп суради. Чоршанба оқшомида эса «Реал» Лондонда «Челси»га қарши саф тортса, «Бавария» Испанияда «Вильярреал» меҳмони бўлади.

«Реал» реванш илинжида, «Челси» уйида енгилмас жамоа

Чемпионлар лигаси 1/4 финал қуръа натижалари «Реал»га ўтган йилги мағлубият учун «Челси»дан ўч олиш имкониятини тақдим этди. Лондон клуби ўтган мавсумда турнирнинг яримфиналида икки ўйин натижасига кўра, Мадрид клубини ЕЧЛ билан хайрлашишга мажбур қилган эди. Бу мавсумда эса Карло Анчелотти жамоаси мусобақа ғолиблигига асосий даъвогар сифатида айтилган «ПСЖ»ни турнирдан чиқариб юборгач, чемпионлик учун фаворитлардан бирига айланди. Қуръа уларга «аристократлар»ни тақдим этгач, мадридликлар реванш ҳақидаги иштиёқларини яширишмади.

Аммо Лондонда «Челси»ни мағлуб этиш ҳозирча «Реал» бажара олмаётган натижадир. Қолаверса, Томас Тухель шогирдлари жорий мавсум ЕЧЛ доирасида «Стемфорд Бриж»даги 4 ўйинда умумий 11та гол киритиб, бирор маротаба ҳам ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишмади. Анчелотти Лондондаги ўйинда фақат Эдуар Менди дарвозасини қандай ишғол этиш ҳақида эмас, мезбонлар яримҳимоячиси Нголо Кантени «зарарсизлаштириш» ҳақида ҳам бош қотиришига тўғри келади. Канте «Реал»га қарши сўнгги икки яримфинал ўйинида ҳам, финалда ҳам энг яхши ўйинчи деб топилган эди.

Фото: Getty Images

Дарвоқе, Тухель шогирдлари ЕЧЛ жорий мавсумида ўз уйида ҳали умуман гол ўтказиб юбормаган бўлса-да, уч кун аввал «Брентфорд»га қарши АПЛ ўйинида дарвозадан бир эмас, тўртта гол олиб чиқишга мажбур бўлишди. Карло ота АПЛ дебютанти ғалабасини таҳлил қилиши аниқ.

Клопп Лиссабонга қайтмоқда

Юрген Клопп билан «Ливерпуль» ўртасидаги муносабатлар айнан Лиссабонда бошланган эди. 2015 йилда Юрген Клопп Португалия пойтахти кўчаларидан бирида қаҳва ичиб ўтирганида, унга Мерсисайд клубини бошқариш таклифи билан қўнғироқ бўлганди. Қизиғи, ўшандан буён Юрген Лиссабонга қайтмаган ва бу 7 йиллик танаффусдан кейинги қайтишдир.

«Чоракфиналда мен хоҳламаган ягона нарса, бу Англия клубига қарши тўп суриш», - деган эди Клопп қуръадан аввал. «Ливерпул»га «Бенфика» тушгач, у бундан хурсанд бўлгани аниқ. Гап «Бенфика»нинг нисбатан осон рақиб эканлигида эмас. Аксинча, немис мураббийи «Барселона» ва «Аякс»ни ортда қолдириб, шу ергача етиб келган рақиб ҳурматга лойиқ эканлиги ҳақида айтган.