Ўзбекистон | 18:16 / 08.04.2022
17279
3 дақиқада ўқилади

“Ҳоким алдади, ташаббусли бюджет алдамайди” — сангбурликлар муаммосини ўзлари ҳал қилди

Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Варқ маҳалласида жойлашган Сангбур қишлоғи аҳолиси 15 йиллик муаммони ўзлари ҳал қилишди. Улар “Ташаббусли бюджет”га қишлоқ муаммосини лойиҳа сифатида қўйиб, ғолиб бўлишди. Қишлоқ аҳлининг шу пайтгача турли ташкилотларга қилган мурожаатига “кейинги йил дастурга киритилади” мазмунида жавоб хати келган холос.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2022 йил 1-ярим йиллик мавсуми учун ғолиблар маълум қилинди. Навоий вилояти бўйича энг кўп овоз олган 124 та ташаббус ғолиб деб топилди. Улар орасида Кармана тумани Варқ маҳалласидаги Сангбур қишлоғи ички йўлларига асфальт ётқизиш ҳам бор.

Қишлоқ фаоли Шерали Холиқов томонидан киритилган ташаббус қарийб 927 та овоз тўплаган. Таклиф қилинаётган маблағ эса 800 миллион сўм.

Қишлоқ аҳолиси ғалабани катта хурсандчилик билан қарши олган. Негаки, бу муаммо ортидан бир неча йилдан бери ҳокимлик ва ташкилотларга қилинган мурожаатлар ҳамда уларга келган ваъдали жавоблар бир жилд бўлган. Аммо муаммо муаммолигича қолаверган, ечим топмаган.

Сангбур қишлоғида 100га яқин оила истиқомат қилади. Аммо қишлоққа кириб-чиқиш учун алоҳида йўл йўқ. Аҳоли қишлоқ четидан ўтган захкашнинг ҳимоя ҳудудидан йўл сифатида фойдаланиб келган.

Ўтган йиллар мобайнида улар ҳашар йўли билан ушбу йўлни шакллантириш учун кўп миқдорда тупроқ ташиб келтиришган, 4 та кўприк қуришган. Бироқ асфальт ётқизилмагани туфайли ёғинли кунларда йўл абгор ҳолга келиб қолаверган.

Қишлоғимизнинг муаммоси бўйича кўп ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Лекин шу кунгача ечим топилмасдан келаётганди. Ҳашар йўли билан кўп ишларни ўзимиз қилдик. Лекин шуларни кўриб ҳам туман ҳокимининг виждони қийналмади, фақат алдаб келди. Мана, ўзимиз орзумизни амалга оширдик. Бошқа қишлоқлар аҳолисига ҳам шуни тавсия қиламанки, бирлашиб ушбу тизимдан фойдаланса, муаммолари ечилар экан.

Олдинлари ҳоким ўринбосарларининг кўчаларига асфальт ётқизиларди-ю, таниш-билиши бўлмаган фуқароларнинг кўчалари қолиб кетаверарди. “Ташаббусли бюджет”да эса ундай эмас”, – дейди Шерали Холиқов.

Қишлоқнинг яна бир фаоли Анвар Бозорнинг маълум қилишича, эндиликда ҳудуд аҳолиси ёшлар учун спорт ва болалар майдончаси бунёд этиш ҳаракатида. Улар буни ўз маблағлари ҳисобидан ҳашар йўли билан амалга оширишмоқчи. Аммо лойиҳалаштириш ва ер ажратиш масалаларида туман ҳокимлиги кўмаклашиши зарур.

Маълумот учун, Навоий вилоятида ғолиб деб топилган 124 та ташаббуснинг 17 таси ички йўллар муаммоси билан боғлиқ. Эндиликда уларга асфальт ётқизиш учун 10 млрд сўмга яқин маблағ ажратилади.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири

Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид