Президент “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Тадбиркорлик субъектлари учун тенг рақобат шароитларини яратиш, шунингдек, солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларни тақдим этишни тартибга солиш мақсадида:
а) 2022 йил 1 майдан бошлаб:
тадбиркорлик субъектларига тенг шароитларни яратиш учун чекланган субъектларга татбиқ этилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари 2-иловага мувофиқ тармоқлардаги барча субъектлар учун татбиқ этилади;
Ўзбекистон халқаро шартномалари бўйича 2020 йил 1 июлга қадар маъқулланган ва Ўзбекистон тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан олинадиган товарлар (хизматлар) бўйича солиқ ва божхона имтиёзлари бекор қилинади. Мазкур норма тижорат банклари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида янги тузиладиган битимлар (расмийлаштириш шакли ва усулидан қатъи назар) асосида олинадиган товарларга (хизматларга) татбиқ этилади;
б) айрим солиқлар ва божхона имтиёзлари 3-иловага мувофиқ босқичма-босқич бекор қилинади;
в) Вазирлар Маҳкамаси хатлов натижасига кўра аниқланган Ўзбекистон президенти ва ҳукумати томонидан тақдим этилган айрим солиқлар ва божхона имтиёзларининг амал қилишини давом эттириш заруриятини танқидий қайта кўриб чиқиб, 2022 йил 1 августга қадар уларни бекор қилиш юзасидан таклиф киритади;
г) 2022 йил 1 июлдан бошлаб:
божхона божлари бўйича имтиёзлар фақатгина Ўзбекистон қонунлари билан берилади. Бунда, Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши хулосаси олиниши мажбурий ҳисобланади;
тармоқ вазирлик ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари соҳани ва (ёки) ҳудудни ривожлантириш учун берилган алоҳида солиқ ва божхона имтиёзлари самарадорлиги тўғрисидаги ҳисоботларни йил якунлари бўйича ҳар йили 1 мартга қадар Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиб боради.

















