«Корабль жиддий шикастланган, экипаж тўлиқ эвакуация қилинган. Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда», дейилади РФ мудофаа вазирлиги маълумотида.
«Москва» - РФ ҳарбий-денгиз кучлари Қора денгиз флоти флагмани бўлиб, флотдаги энг кучли қуролларга эга кемадир, у C-300 га ўхшаш «Форт» ҳаво мудофаа тизими билан жиҳозланган.
Аввалроқ Одесса област маъмурияти раҳбари, полковник Максим Марченко украин ҳарбийлари россияликларнинг «Москва» ракета крейсерига кемаларга қарши «Нептун» қанотли ракеталари билан зарба берилгани ва унга жиддий шикаст етказилгани ҳақида маълум қилганди.
«У айнан Змейний оролидаги чегарачиларимиз жўнатган жойга қараб кетди! Қора денгиз ҳимоясида турган «Нептун» ракеталари россияликлар кораблига жуда жиддий зарар етказди», дея ёзган Марченко.
Бу сўзлар орқали у Змейний оролини эгаллаш билан боғлиқ воқеага ишора қилган. Украина ҳукумати версиясига кўра, айнан «Москва» оролдаги украиналик ҳарбийлар сўкиниш сўзлари билан нари кетишни таклиф қилган рус ҳарбий корабли бўлганди.
«Москва» крейсеридаги ҳодиса ҳақида Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович ҳам билвосита тасдиқлади.

«Икки матрос нотўғри жойда чекиб қўйишди ёки яна бир марта қандайдир хавфсизлик чораларини бузишди, негадир уларнинг омади келмади. Худди Белгороддаги каби «Москва»да ҳам омад келмади», дея сарказм қилган бу ёнғинга муносабат билдирар экан Арестович.
Арестович Белгородда рўй берган йирик ёнғинни назарда тутган, ўшанда бу ёнғин Россия ҳокимияти украин вертолётлари зарбалари оқибатида рўй берганини маълум қилганди. Украина томони бу Украина қуролли кучларининг ҳаракатлари оқибати эканини расман тасдиқламаган, аммо рад ҳам этмаган.
Россия украин вертолётлари Белгороддаги нефть базасига ҳужум қилганини айтмоқда. Асосий маълумотлар
24 март куни Украина ҳарбийлари россияликларнинг Бердянскдаги портга ҳарбий техникалар олиб келган «Саратов» номли йирик ҳарбий десант кемаси портлатилганини маълум қилганди.

















