Россия флагман крейсери «Москва»ни йўқотди - томонлар ҳодисани турлича талқин этишмоқда. АҚШ Украинага янги қуроллар, жумладан жанговар вертолётлар бермоқда. Харьков яна ўққа тутилди - ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор. Жаҳон банки қашшоқлик чегарасидан қуйи даражада яшаётган россияликларнинг сони кескин ўсишини прогноз қилмоқда.

«Москва» ўйиндан ташқари ҳолатда

Россия ҳарбий-денгиз флотида учта флагман корабли бор - Қора денгиз флотининг «Москва» крейсери (суратда), Тинч океани флотида «Варяг» ва Шимолий океандаги «Маршал Устинов». «Москва» - уларнинг энг эскиси, 2019 йилда у капитал таъмирдан чиқарилган.

Урушнинг 50-куни Россия томонининг улкан йўқотиши билан ёдда қоладиган бўлди -  Қора денгиз флоти флагмани, «Москва»  крейсери сафдан чиқди. 14 апрелга ўтар кечаси крейсер ҳалокат сигнали юборишни бошлаган, аммо Россия нашрлари бу ҳақда фақат бугун кенг жамоатчиликка хабар берди.

Уларнинг версиясига кўра, бортда ўқ-дори портлаган ва бу ёнғинга сабаб бўлган.

Крейсер чиндан ёнган, аммо Киевдагиларнинг маълум қилишича, бу украин ҳарбийлари «Нептун» русумли кемаларга қарши қанотли ракеталари йўллаши оқибатида содир бўлган.

Айни вақтда крейсернинг ҳолати бўйича ишончли маълумот йўқ. Россия мудофаа вазирлиги корабль «сузувчанлигини сақлаб қолгани» ва айни вақтда шатакка олиниб, энг яқин порт томон олиб кетилаётганини маълум қилган.

Украина ва Ғарбдаги айрим манбалар эса крейсер чўка бошлагани тўғрисида хабар қилишган.

Украина томони маълумотига кўра, ҳодиса рўй берган вақтда кема турган жойда кучли шторм кўтарилган.

Литва мудофаа вазири Арвидас Анушаускас туркиялик денгизчилар кемадаги россиялик денгизчиларни қутқариб қолгани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, у руминиялик ва туркиялик ҳарбийлар кема чўкиб кетганини маълум қилишгани ҳақида айтди.

BBC турк хизмати билан гаплашган туркиялик амалдорлардан бири Туркия денгизчилари кемадан россияликларни қутқариб олгани ҳақидаги хабарни рад этди, кема чўкиб кетгани ҳақидаги маълумотни изоҳлашни истамади.

АҚШ Ҳарбий-денгиз коллежи қошидаги Россиянинг денгиздаги салоҳиятини ўрганиш институти директори, профессор Майкл Петерсеннинг фикрича, «Москва» крейсерига қай даражада шикаст етганидан қатъи назар, бу ҳодиса Украина учун рамзий жиҳатдан ҳам, ҳарбий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга.