Мариуполда нималар бўлмоқда?

Сўнгги кунларда стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу шаҳар учун ҳал қилувчи жанглар бўлиб ўтмоқда. Бу шаҳарнинг эгалланиши Россия учун Украина жануби ва Донбассни боғлаш имконини беради.

14 апрел куни «Азов» полки қўмондони ўринбосари Святослав Паламар Мариупол қамалини ёриб ўтишнинг имкони борлиги, аммо жангчилар мамлакат ҳарбий-сиёсий раҳбариятининг қарорини кутаётганини маълум қилди.

15 апрел куни «Украинская правда» нашри шаҳар ҳимоясидаги денгиз пиёдалари бригадаси қўмондони Сергей Волиннинг шаҳарни «ёки шошилинч ҳарбий амалиёт ўтказиш ёки сиёсий қарор орқали қутқариш мумкинлиги» тўғрисидаги сўзларини келтирди. У шаҳарни қамалдан озод этиш учун «жуда яқин муддат ичида, тажрибали қўмондонлар ва зарур воситаларни жалб этган ҳолда» амалиёт ўтказиш лозимлигини айтганди. Шу билан бирга, Волин ҳимоячилар таслим бўлмоқчи эмаслигини таъкидлаган. 

15 апрел куни РФ мудофаа вазирлиги Мариуполда Илич номидаги металлургия комбинати россиялик ҳарбийлар назоратига ўтганини эълон қилди. 16 апрел куни Reuters агентлиги мухбирлари мазкур ҳудудда бўлишди. Бунга қадар бу ерда шиддатли жанглар кечган, украиналик ҳарбийлар ерости туннеллари ва бункерларда яширинган ҳолда Россия армиясининг ҳужумларини қайтараётганди.

Агентликнинг қайд этишича, завод харобага айланган: унинг ўрнида фақат металл ва бетон уюмлари қолган. Кўчаларда эса жасадлар ётганини кўриш мумкин, улардан камида бир нафари аёл киши. Бу одамлар қандай ўлим топгани бўйича маълумот берилмаган.

Мариупол мэри маслаҳатчиси Петр Андрюшченко телеграм-каналида Россия кучлари 18 апрелдан шаҳар аҳолиси Мариуполдан чиқиши ва шаҳарга киришини тақиқлашни режалаштираётгани ҳақида хабар берганди. BBC мухбири билан гаплашган мэр ўринбосари Сергей Орлов эса бундай режим бир неча кундан буён амалда эканини қайд этган. Туманлар орасидаги ҳаракатни чекловчи назорат пунктлари пайдо бўлган.

Олий Раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Людмила Денисова ҳам Россияни шаҳарда қолган эркакларни «фильтрлаш»ни режалаштирганликда айблади.

«Россиялик босқинчиларнинг филтрлаш лагерларида мариуполлик эркаклар сўроқ, телефонларни ва танани текшириш ишларидан кейин гуруҳларга ажратилади ва қўшимча сўроқлар ўтказилади ва қўрқитилади», дея ёзган у.