Ўзбекистон | 08:40 / 20.04.2022
4156
2 дақиқада ўқилади

Маҳкумларнинг колониядаги иш стажини умумий стажга қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилмоқда 

“Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа билан “Фуқаролар давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги ва “Кексалар, ногиронлар ва аҳоли бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонунлар, Солиқ кодекси ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда. 

Жумладан:

“Фуқаролар давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунда “озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар томонидан жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўташ даврида бажарилган ҳар қандай иш, агар ушбу иш учун ижтимоий солиқ тўланган бўлса,” жумласи билан тўлдирилмоқда;

“Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонунда:

  • озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ўтаб бўлган шахслар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари қаторига киритилмоқда;
  • ижтимоий хизматлар кўрсатиш шаклларига озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ўтаб бўлган шахсларга “Дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш билан боғлиқ хизматлар тоифаси қўшилиб, алоҳида модда сифатида ёритиб берилмоқда;
  • Солиқ кодексида муассаса маъмурияти маҳкум жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинаётганда унга жазони ўташ даврида солиқ тўлагани ҳақидаги маълумотномани тақдим этиши шартлиги белгиланмоқда.

Жиноят-ижроия кодексида:

жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган маҳкумларнинг ҳуқуқ доираси кенгайтирилиб, халқаро ҳуқуқ нормалари билан мувофиқлаштирилмоқда;

меҳнатга жалб этилган маҳкумларга колониялардаги иш стажини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилмоқда;

маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганини белгиловчи қатъий мезонлар жорий этилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид