15 апрел, жума куни Исроил полицияси гўёки масжид ичида норозилик учун тўпланган тошларни олиб чиқиш учун ичкарига кирганини иддао қилган. Исроил ташқи ишлар вазирлиги аввалига полиция ичкарига кирганини бутунлай рад этди, ваҳоланки буни исботловчи юзлаб видеолар интернетда тарқалди, кейинчалик эса Исроил полиция масжид ҳудудига киришга «мажбур бўлганини» маълум қилди.

Ҳолатга биринчи бўлиб одатдагидек Иордания ҳукумати муносабат билдирди. Иордания ташқи ишлар вазири Айман ас-Сафодий Исроил Ақсо масжиди ҳудудидан махсус кучларини тезда олиб чиқиб кетишини талаб қилди. У рамазон ойида мусулмонлар ўзлари учун муқаддас бўлган қадамжода бемалол ибодатларини амалга оширишлари кераклигини таъкидлади. Сафодий Иордания ҳудуддаги барча провокацион ҳаракатлар тўхтатилишига эришишини ҳам айтди.

Илк норозиликларда 150 дан ортиқ фаластинлик мусулмон яраланди, 400 га яқин фаластинлик қўлга олинди. Полиция ислом олами учун муқаддас бўлган масжид ичигача кириб, деразаларни синдирди, одамларга куч ишлатди.

Якшанба куни Исроил полицияси Қуддуcнинг яҳудийлар Эски шаҳар деб атайдиган ҳудудига киргач, яна тўқнашувлар содир бўлди. Исроил полицияси резина ва кўздан ёш чиқарувчи ўқ ишлатди. Фаластинликлар эса одатий «қуроллари» тошдан фойдаланишди. Тўқнашувларда ўнлаб фаластинликлар яраланди. Исроил полицияси бу ҳаракатини «муқаддас ҳудудни яҳудийлар кириши учун хавфсиз қилиш» деб атади. Ақсо масжиди жойлашган майдонда яҳудийлар ҳам муқаддас деб қабул қилган қадамжо бор. Ўтган йил рамазонда худди шу кўринишдан низолар Ғазода 11 кунлик урушга айланиб кетганди.

Масжидул Ақсо нега мўминлар учун муқаддас?

Мусулмон олами учун Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди алоҳида аҳамият касб этади. Ислом таълимотига кўра, охирзамон пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Меърожга (яъни арши аълога) фаришта Жаброил алайҳиссалом билан бирга айнан Ақсо масжидидан кўтарилганлар. Ақсо Маккадаги Масжидул Ҳаром ва Мадинадаги Масжидул Набавийдан кейин ислом оламида энг муқаддас даргоҳ сифатида эътироф этилади. Ислом умматининг биринчи қибласи бўлмиш Ақсо масжиди учта диннинг ватани бўлган муқаддас Қуддус шаҳрининг айни дамда Исроил назоратига ўтиб қолган ҳудудида жойлашган.

Масжидул Ақсо жойлашган майдонда яҳудийлар Йиғи девори деб атаб эътиқод қиладиган жой ҳам бор. Яҳудийлар ўзлари муқаддас деб атайдиган ушбу майдонга бемалол киради, аммо мусулмонлар кўпинча муаммога дуч келишади. Айниқса рамазон ойида.

Исроил полициясининг иддаосича, охирги тўқнашувда мусулмонлар масжид ичига тош олиб кирган ва бу майдонга борадиган яҳудийлар учун хавф туғдирган. Фаластин президенти матбуот котиби Набил Абу Рденаҳ Исроил полициясининг ҳаракатларини босқин деб атади.