Россия ва Украина ҳукумати нималар деган
Россия «Донбасс учун жанг бошлагани» ҳақида Зеленский ҳар куни кечаси қиладиган видеомурожаатида айтган. «Россия қўшинларининг салмоқли қисми у ерда ҳужумга ўтиш учун тўпланган. Улар у ерга қанча ҳарбий олиб келмасин, биз ҳимояланамиз. Курашамиз. Украинанинг ҳеч нарсасини бериб қўймаймиз», деган у.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров India Today телеканалига берган интервьюсида Украинага қарши «махсус амалиёт»нинг навбатдаги фазаси бошланганини маълум қилди. «Ушбу амалиёт давом этмоқда. Ҳозирда амалиётнинг навбатдаги фазаси бошланмоқда. Ишончим комилки, бу бутун махсус амалиёт учун муҳим лаҳза бўлади», деган у. Лавров махсус амалиёт «Донецк ва Луганск Республикаларини тўлиқ озод этиш»га қаратилганини таъкидлади.

Россия ҳукумати бунгача ҳам асосий эътибор Донбассга қаратилиши ҳақида айтиб келаётганди. Бу ҳақда Украина ҳукумати ва ғарблик экспертлар ҳам огоҳлантирган.

Сешанба куни сўнгги уч ҳафта ичида илк бор кўриниш берган Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинадаги урушнинг бориши ҳақида гапирди, аммо у ўз чиқишида янги фаза бошлангани ҳақида эслаб ўтмаган. Шойгунинг сўзларига кўра, Россия ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХРни «озод қилиш режасини изчил амалга ошираётгани», АҚШ ва Ғарбнинг бошқа давлатлари эса уруш «максимал даражада чўзилиши» учун ҳамма ишни қилаётганини айтган.

Кремл расмийси Дмитрий Песков журналистларнинг Лавров айтган «махсус амалиётнинг янги фазаси» деб нимани назарда тутгани борасидаги саволига изоҳ бермади ва буни мудофаа вазирлигидан сўраш кераклигини айтди.

Украина шарқида нималар бўлмоқда?
19 апрел тонгида Украина мудофаа вазирлиги мамлакат шарқидаги вазият бўйича сўнгги маълумотларни тақдим этди. Бу маълумотларга кўра, Россия томони Россиянинг марказий ва шарқий регионларидан Украинага қуроллар ва ҳарбий техникаларни олиб келишда давом этмоқда. Шунингдек, россиялик ҳарбийлар Донецк ва Тавр йўналишларида бутун туташув чизиғи бўйлаб ҳаракатларни фаоллаштиргани қайд этилган.

«Рақибнинг асосий саъй-ҳаракатлари бизнинг ҳарбийларнинг Луганск ва Донецк областларидаги мудофаа чизиқларини ёриб ўтишга, шунингдек Мариупол шаҳри устидан тўлиқ назорат ўрнатишга қаратилган», дейилган вазирлик ҳисоботида. Унда шунингдек, россиялик ҳарбийлар Запорожье областининг ҳам айрим ҳудудларида ўз бўлинмаларини жамлаётгани келтирилган.

Энг оғир вазият Мариуполда, бу ерда «Азовстал» учун жанг кетмоқда - амалда шаҳар ичидаги шаҳарча бўлган бу ҳудудда украиналик ҳимоячиларнинг охирги ўчоғи қаршилик кўрсатмоқда.