15 апрел, жума куни Исроил полицияси Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида яна бир бор фаластинликларга ҳужум қилди ва нотинчликлар ҳамон барҳам топгани йўқ.
Мана 70 йилдирки, ўн минглаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келган бу низо гоҳ сусайиб, гоҳ авж олади, аммо ҳеч қачон буткул тўхтамайди.
АҚШ, Россия, БМТ ҳар доимгидек ташвиш билдиради, маслаҳатлашувлар ўтказади, аммо Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарога барҳам берилмайди.
Kun.uz мухбири Фаластин-Исроил уруши атрофидаги саволлар билан сиёсий фанлар доктори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқовга юзланди.
— Муҳаммадолим ака, икки халқ нега бир-бирини бунчалик ёмон кўради? Нима учун бутун дунё бу низонинг барчани қаноатлантирадиган ечимини тополмайди? Нега бу икки халқ майдони 25 минг квадрат километр бўлган, қуёш нуридан жизғанак ерни талашиб келмоқда? Масала фақат динийми ё бошқа сабаблар ҳам борми?
— Бу чиндан ҳам бугунги куннинг энг муҳим ва ҳассос масалаларидан бири.

Қуръони каримдаги «Исро» сурасида келтирилишича, пайғамбаримиз алайҳиссалом Яратганнинг иродаси ва фаришта Жаброил (а..с.)нинг кўмагида бир кечада Маккадан Қуддусга бориб, Ал-Ақсони зиёрат қиладилар. Кейин Буроқ отида етти қат фалакка кўтарилади. Жаннат ва дўзах манзаралари, у ерда ҳаёти дунёда қилган амаллари учун жазо ёки мукофотга сазовор бўлган бандаларнинг аҳволи билан танишадилар.
Аллоҳ таоло мана шу кечада бандаларига намозни фарз қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда мусулмон оламида бу масжиднинг муқаддаслигига алоҳида урғу берилади.
Иккинчидан, пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг яна бир ҳадиси борки, унга кўра, учта – Масжидул Ҳаром, Масжидул Набавий ва Масжидул Ақсога ният қилиб борилади. Бу масжидларда ўқилган намозлар савоби бўйича ҳам турли маълумотлар бор.
Учинчидан, пайғамбаримиз алайҳиссаломга илк оятлар нозил бўлганда, намозни ҳозирги Ал-Ақсога – Қуддусга қараб ўқиш буюрилади.
Мусулмонлар учун Ал-Ақсонинг муқаддаслиги шундан.

















