Хабар қилинишича, ифторлик аввалида элчи Жавлон Ваҳобов меҳмонларга Ўзбекистонда анъанавий Ислом қадриятларини авайлаб асраш ва тарғиб этиш ҳамда диний эркинликларни таъминлаш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашди.

Фото: dunyo.info

Ифторда сўзга чиққан Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) раиси Н.Маенза бир неча кун аввал Ўзбекистонга бориб, расмийлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва диний етакчилар билан учрашиш имконига эга бўлганини маълум қилди.

- Ўзбекистон сўнгги тўрт йил ичида қандай ижобий ва сезиларли ўзгаришларга эришганини ҳамда диний эркинлик учун янада очиқ шарт-шароитлар сари интилаётганини кўришдан мамнун бўлдим, - деди у. - Диний ташкилотларни рўйхатга олиш, диний эътиқод эркинлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича давом этаётган мулоқотлар бизни руҳлантирди. Ўзбекистон ҳукумати билан йўлга қўйилган мулоқот мамлакатнинг ислоҳот ва ўзгаришларни янада илгари суриш йўлида катта мақсадни кўзлаганини кўрсатди.

Шимолий Америка Ислом ҳамжамияти собиқ президенти, доктор С.Саййид Америкада шаклланаётган мусулмон жамияти Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларини кенгайтириши зарур эканлигини таъкидлади. У Мэриленд штатидаги Индонезия Мусулмон жамияти ассоциацияси (ИМАМ) Ислом маркази ёки Туркия ҳукумати кўмагида ташкил этилган Диёнат марказига ўхшаш Ўзбекистон Ислом марказини ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Глобал фаолият институти (IGE) раҳбари К.Зейпл бир неча дин вакиллари ўзаро аҳилликда яшаётган Ўзбекистон тажрибаси бошқа мамлакатларга диний эркинликларни таъминлаш модели сифатида ўрнак бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Фото: dunyo.info

- Шу муносабат билан 2022 йил май ойида Глобал фаолият институти Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумини ўтказишни мўлжалламоқда, - деди у. - Тадбир дунёга Ўзбекистон мусулмонлар ва насронийлар, биринчи навбатда, руҳонийлар ва имомлар ўртасидаги конфессиялараро мулоқот ўрнатилган давлатнинг намунаси эканлигини яна бир бор намоён этади. Бундан ташқари, халқаро форум давомида олим ва экспертлар диний саводхонликни ошириш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон ислом меъморчилиги масалаларини ҳам муҳокама қилишади.