25 апрелга ўтар кечаси Брянск областида, Украина билан чегарадан 110 километр масофада «Транснефт» базасида кучли ёнғин авж олди. Маҳаллий расмийлар ҳозирча ёнғин сабабини маълум қилмаган. Кун ярмида давлат муассасалари ходимлари эвакуация қилингани маълум бўлди. Апрел ойи бошида ҳам Белгороддаги нефтбазада портлашлар ва ёнғинлар рўй берган, бу украиналикларнинг ҳарбий вертолётлари ҳужуми оқибатида содир бўлгани айтилганди.

Берянск областининг Фокинский районида «Транснефт-Дружба» АЖ нефт базаси ва яна бир объектда ёнғин келиб чиққан. Бу ҳақда дастлаб РИА Новости фавқулодда хизматлардаги манбасига асосланиб хабар тарқатди. Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, дизел ёнилғиси тўпланган резервуар ва атрофдаги яна бир объектдаги ёнғин ҳақида тунги соат 02:00да хабар келиб тушган, ҳодиса оқибатида жабрланганлар бўлмаган.

«Интерфакс» агентлиги хабар беришича, ёнғин ҳажми 10 минг куб метр бўлган резервуарни қамраб олган. «Россия 24» телеканали ёнаётган иккинчи объект - ҳарбий қисмдаги дизел ёнилғиси сақланган омборхона бўлганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода бир-бирига яқин жойлашган икки тутун устунини кўриш мумкин.

«Икки портлаш ва тамом», деган нефт база жойлашган кўчада яшовчи гувоҳлардан бири. Гувоҳлар нефт база атрофида вертолётлар учганига гувоҳ бўлишмаганини айтишган.

Россия кучишлатар тузилмаларига алоқадор манбалар базага украинларнинг дронлари ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқатган. Бу маълумот расман тасдиқланмаган.

1 апрелга ўтар кечаси Белгороддаги нефтбазада ҳам портлаш ва ёнғинлар рўй берганди. Ўшанда икки украин ҳарбий вертолёти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари радарларига тушмаслик учун Россия ҳаво кенглигига жуда пастлаб учиб кирган ва базага зарбалар берганди. Россия мудофаа вазирлиги буни тан олганди. Тергов қўмитаси РФ ЖКнинг «террорчилик акти» тўғрисидаги моддаси бўйича жиноий иш очган.

Россия украин вертолётлари Белгороддаги нефть базасига ҳужум қилганини айтмоқда. Асосий маълумотлар