Россия президенти Владимир Путин ҳукумат аъзолари билан учрашувда Брянск ва Курск областларидаги темирйўллар портлатилишини террорчилик ҳаракати деб баҳолади. Унинг сўзларидан «Интерфакс» иқтибослар келтирди.

«Яқинда Брянск ва Курск областларида темирйўллар портлатилгани, албатта, террорчилик ҳаракатидир ва бундай жиноятларни содир этиш тўғрисидаги қарор, албатта, Киевда сиёсий даражада қабул қилинган», – деди Путин.

Шу билан бирга, Путин «ҳамма жойда ва ҳар доим қуролли тўқнашувлар вақтида тинч аҳоли жабр кўради, бундан афсусдамиз», дея таъкидлаган.

«Аммо Брянск областида содир бўлган воқеа тинч аҳолига қаратилган мақсадли ҳужумдир. Барча халқаро стандартларга кўра, бундай ҳаракатлар терроризм деб аталади», – деб қўшимча қилди у.

Россия президенти Брянск ва Курск областларидаги темирйўл релсларининг портлатилишидан мақсад – Истанбулдаги Россия-Украина музокараларини бузиш бўлганини таъкидлаган.

«Биз Истанбулда таклиф қилган тинчлик музокараларининг навбатдаги босқичи арафасида тинч аҳолига, жумладан, аёллар ва болаларга қарши содир этилган барча жиноятлар, албатта, музокаралар жараёнини бузишга қаратилган эди. Бу бир вақтлар ҳокимиятни қўлга киритган Киевдаги аллақачон ноқонуний режим аста-секин террорчи ташкилотга айланиб бораётгани, унинг ҳомийлари эса террорчиларнинг шерикларига айланиб бораётганидан қўрқишимизни тасдиқлайди, холос», – деди Путин.

Россия президенти Истанбулдаги музокараларда Россия делегациясининг даражаси Москвада умумэътироф этилган меъёрлар асосида белгилангани ва уни ҳеч қандай ваколат ва компетенцияга эга бўлмаган шахслар баҳолай олмаслигини қайд этган.

«Умумий қабул қилинган халқаро амалиётга кўра, бу даражани маълум шахслар вакиллик қилаётган мамлакат белгилайди. Бу даражани ташқи томондан фақат ўзи юқори даражадаги авторитет ва компетенцияга эга шахслар белгилаши мумкин. Аммо Курск областида, мутлақо бемаъни катта йўқотишларга учраган ёки бугун армияси жанг майдонида бирин-кетин мағлубиятга учраётган одамлар қандай компетенцияга эга бўлиши мумкин? Кўриниб турибдики, биз нафақат ҳеч қандай муҳим ваколатга эга бўлмаган, балки асосий сиёсий маданиятга ҳам эга бўлмаган одамлар билан иш олиб бормоқдамиз», – деди Путин.

Киевнинг гуманитар сабабларга кўра қисқа муддатли ўт очишни тўхтатишга розилик беришдан бош тортгани Украинага тинчлик керак эмаслигини исботлайди, деди Россия президенти. 

«Гуманитар сабабларга кўра 2-3 кун давомида ўт очишни тўхтатишга рози бўлишдан бош тортишга келсак, бу биринчи марта эмас. Бу бизни ажаблантирмайди, фақат бугунги Киев режимига тинчлик умуман керак эмаслигини исботлайди. Режим учун тинчлик ҳокимиятни йўқотиш демакдир. Ва бу режим учун ҳокимият, афтидан, тинчликдан ва ўзиники деб ҳисобламайдиган одамларнинг ҳаётидан муҳимроқдир», – деди у.