Украина қуролли кучлари бош штаби украиналик ҳарбийлар чоршанбага ўтар кечаси Брянск областидаги ҳарбий омборга ҳужум қилгани ҳақида хабар берди: маълум қилинишича, бу ерда КХДРдан олиб келинган ўқ-дорилар ва бошқа бомбалар сақланган. Россия ФВВнинг Брянск области бўйича бўлими областнинг Карачевский районида «портлаш хавфига эга моддалар портлагани» ҳақида хабар берган.

Чоршанба тонгида ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ҳамда айрим украин нашрлари Брянск областида, Карачев шаҳри атрофидаги ўқ-дори омборида портлашлар ва ёнғин рўй бергани ҳақида хабар тарқата бошлади.

Телеграм-каналларда чақнаш ва узоқдаги портлашлар акс этган видеолар жойлаштирилган. Бу хабарларнинг муаллифларига кўра, видеолар маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан тасвирга олинган.

РФ мудофаа вазирлигининг эрталабки ҳисоботида Брянск областидаги портлашлар ва ёнғин тилга олинмаган, россиялик ҳарбийлар фақат регион ҳудуди узра гўёки 24 та дрон уриб туширилганини хабар қилган. Брянск области губернатори Александр Богомаз ҳам ўз телеграм-каналига худди шундай хабарни жойлаштирган.

ФВВнинг Брянск области бўйича бўлимининг шундан кейин эълон қилинган эрталабки ҳисоботида «Брянск области Карачевский районида 09.10.2024 санасида портловчи предметлар портлаши билан боғлиқ муниципиал характердаги фавқулодда вазият» ҳақида гап кетади.

Шу билан бирга, идора регионда фавқулодда ҳолат режими жорий этилмаслигини таъкидлаган.

Украина ҚК бош штаби Брянск областида Россия мудофаа вазирлигининг Ракета-артиллерия бошқармаси 67-арсеналига зарба берганини тасдиқлаган.

Украин ҳарбийлари «арсеналда ракета ва артиллерия тизимлари учун, жумладан Шимолий Кореядан келтирилган ўқ-дорилар, шунингдек, "сузувчи" глиссад бомбалар сақлангани»ни билдирган. Уларнинг катта қисми очиқ осмон остида сақланган, дейилади Украина қуролли кучлари хабарида.

«Бундай арсеналларга зарбалар берилиши Россия армияси учун жиддий логистик муаммолар туғдиради», бу эса россиялик ҳарбийларнинг «юриш қилиш имкониятларини сезиларли даражада пасайтиради», дея қўшимча қилган Украина ҚК бош штаби хабарида.

Сентябр ойида, украин дронлари Россиянинг Твер областидаги иккита йирик ўқ-дори омборига зарбалар йўллаганида, украин нашрлари Россия Ракета-артиллерия бошқармасининг Украинага энг яқин жойлашган 67-арсенали Карачев шаҳри атрофида экани ҳақида ёзганди.

Карачев Брянскдан жануби-шарқда бўлиб, Украина чегарасининг энг яқин нуқтасигача масофа 115 километрни ташкил этади.