НАТО қандай ташкилот?
НАТО (Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти) – 1949 йил 4 апрел куни имзоланган Вашингтон шартномаси асосида 12 давлат, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Франция томонидан тузилган ҳарбий-сиёсий иттифоқ. Ташкилот ташкил этилишидан асосий мақсад сифатида урушдан кейинги даврда «СССРнинг Европага экспансияси таҳдидини қайтариб туриш» кўзда тутилган.
НАТО низоми 14 моддадан иборат. Ундаги энг муҳимларидан бўлган 5-моддада шундай дейилади: «Ташкилотга аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилинса, бу ҳолат НАТОнинг бошқа аъзоларига ҳам агрессия қилинган, деб баҳоланади ва умумий жавоб чоралари кўрилади».
Қизиқ жиҳати, альянсга аъзо бўлиш учун СССР ҳам 1954 йил расмий нота билан чиқади. Бироқ Ғарбнинг етакчи давлатлари ҳукуматлари Москвага ишонишмайди. Улар СССРнинг бирламчи мақсади АҚШни Европадан қувиб чиқариш ва НАТОни ичидан емириш, деган хулосага келишади.
Бунга жавобан 1955 йил 14 май куни «социалистик лагер»га кирувчи давлатлар: Албания, Болгария, Венгрия, Германия демократик республикаси, Польша, Руминия, Чехословакия ва СССР НАТОга қарши ўлароқ «Варшава шартномаси ташкилоти» деб номланган ҳарбий иттифоқ битимини имзолайди. Жами 36 йил фаолият олиб борган мазкур ташкилот 1991 йил 1 июль куни тарқатиб юборилади.
НАТОнинг кенгайиши:
Ҳозирда 30 давлат НАТОга аъзо ҳисобланади:
- 1949 йил – АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Нидерландия, Дания, Италия, Исландия, Люксембург, Канада, Норвегия, Португалия, Франция;
- 1952 йил – Греция, Туркия;
- 1955 йил – ГФР;
- 1982 йил – Испания;
- 1999 йил – Венгрия, Польша, Чехия;
- 2004 йил – Болгария, Литва, Латвия, Руминия, Словакия, Словения, Эстония;
- 2009 йил – Албания, Хорватия;
- 2017 йил – Черногория;
- 2020 йил – Шимолий Македония.
Қўшилиш учун номзод давлатлар: Босния ва Герцеговина, Украина ва Грузия.
НАТОга қандай қилиб аъзо бўлиш мумкин?
НАТО тузилган дастлабки даврда ташкилотга аъзо бўлиш иккита шарт бўлган: биринчидан, ариза берувчи давлат Европада жойлашган бўлиши, иккинчидан, ташкилотга аъзо барча давлатларнинг розилиги олиниши керак эди.













