Ўзбекистон россияликлар борадиган машҳур давлатлар сирасига кирмайди. Аммо мамлакатда IT-компаниялари учун жорий қилинган имтиёзлар, нисбатан арзон авиачипталар сабаб Ўзбекистон бу соҳадаги мутахассислар учун янги эмиграция ҳабига айланди. Маҳаллий IT-парк директори ўринбосари Баҳодир Аюповнинг айтишича, 2022 йил феврал ойи охиридан буён мамлакатга Россия ва Беларусдан 5-6 минг атрофида одам келган.

Бу мигрантларнинг кўпчилиги узоқ қолишни истамайди. Ўзбекистон уларни ушлаб қолиш учун нималар қилмоқда?

Москвадаги «Сколкова» бизнес-мактабини тамомлаган ўзбекистонлик тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов март ойи бошида Тошкентга қайтди. Тадбиркор қайтишда самолётда 50 нафар атрофида славян кўринишидаги йўловчилар борлигига эътибор беради. Ахир одатда самолёт ўзбекистонликлар билан тўла бўларди-да.

Бу ноодатий ҳолатга гувоҳ бўлган Ҳикмат Абдураҳмонов ҳайратини бўлишиш учун Ўзбекистонда IT-парк ташкил этган таниши Фарҳод Ибрагимовга қўнғироқ қилиб, «Сенга ўхшаган одамлар келишди», деб ҳазиллашади меҳмонларнинг аксари IT-мутахассиси эканига ишора қилиб. Фарҳод Абдураҳмонов эса бундай ҳолат бир ҳафтадан буён ҳамма рейсларда такрорланаётганини айтади.

Абдураҳмоновнинг айтишича, IT-паркларга минглаб россиялик дастурчилар кела бошлайди ва уларнинг сони шунчалик кўпайиб кетадики, IT-паркда меҳмонларга уй-жой топиш ва яшаш гувоҳномаси олишга ёрдам берадиган дастур ишлаб чиқилди. IT-парклар кўпроқ хорижлик дастурчиларни жалб этиш учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан жорий қилинган ягона чора эмас. 1 апрелдан дастурлаш соҳасида ишловчилар, бундай корхоналар ташкил қилганлар, ахборот технологиялари соҳасида ишловчи муҳожирлар ва уларнинг оила аъзолари учун 3 йиллик виза бериш тартиби жорий этилди.

14 апрел куни эса президент Шавкат Мирзиёев мамлакатни ҳудудий IT-марказга айлантириш, ҳудудий IT-паркларга камида дунё даражасидаги 30 та IT-компанияларни жалб қилиш кераклигини айтди. Forbes Ўзбекистон нега россиялик IT-мутахассислари учун машҳур йўналишга айлангани, нега улар мамлакатда кўп ушланиб қолмоқчи эмаслиги ва ҳукумат уларни ушлаб қолиш учун нималар қилаётганини таҳлил қилди.

Мажбурий кўчиб келиш

Россия Украинага бостириб киргач, EPAM номли IT-компания Россия ва Беларусдан минглаб ишчиларини Ўзбекистонга олиб ўтишга мажбур бўлди. IT соҳасидаги бошқа корхоналар каби EPAM ҳам 2019 йилда ташкил этилган маҳаллий IT-паркларга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Бу корхоналар Россия ёки Беларусда фаолиятини давом эттирадиган бўлса, ғарблик мижозларидан айрилишдан қўрққани учун Ўзбекистонга келган.