Ўзбекистон | 11:57 / 28.04.2022
13606
2 дақиқада ўқилади

ИИББ Тошкент шаҳрида болалар ўғирланаётганига оид хабарларга изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда пойтахт мактаб ва боғчаларидан болалар ўғирланаётганига оид лавҳалар тарқалмоқда. Уларда сўнгги бир кун ичида 5 нафар бола шундай жиноят қурбони бўлгани билдирилади.

Фото: Kun.uz

“ТЕЗКОР_ОГОҲЛИК” деб бошланади бу хабар.

“27.04.22 куни Тошкент шаҳрида мактаб ва боғчадан бешта бола ўғирланган. Бу каби ваҳшийликларни кимлар қилиши мумкин?

ИИВ ходимларига мурожаатим, сизларсиз биз ҳеч нарса қила олмаймиз, сергакликни оширинг, майли йўлда тирбандликларга чидаймиз, аммо бу каби ваҳшийликларга хеч бир ота-она чидолмайди. Болаларни ...иб [таҳр.] органларини сотиш бошланибди, астағфируллоҳ. ТАРҚАТИНГЛАР!!!” дейилади Фейсбукдаги постда.

Илова қилинган лавҳада автомобилларни назоратдан ўтказувчи постлардан биридаги ЙҲХХ ходими ҳайдовчига қарата “Эшитмадингизми, бешта бола ўғирланган” дегани акс этган. Лекин бу айнан қаерда ва қачон бўлгани билдирилмаган.

Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат бўйича изоҳ берди:

“Ижтимоий тармоқларда “27.04.2022 йилда Тошкент шаҳрида бешта бола ўғирланган”, деб бошланувчи хабарлар тарқалмоқда. Мазкур хабар ёлғон бўлиб, Тошкент шаҳрида бола ўғрилиги қайд этилмаганини маълум қиламиз.

Ҳурматли фуқаролар ва шаҳримиз меҳмонлари! Ҳар қандай маълумотни тарқатишдан олдин расмий ташкилотлардан маълумот олишни тавсия этамиз. Унутманг! Ёлғон хабар тарқатганлик учун жавобгарлик бор! Ҳозирда бу каби ёлғон хабарларни тарқатаётган шахслар бўйича текширув ўтказилмоқда”, – дейилади ИИББ изоҳида.

Мавзуга оид