Исроил бош вазири офисидан хабар қилишларича, Россия президенти Владимир Путин мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Адолф Ҳитлерда «яҳудий қони» бўлгани ҳақидаги сўзлари учун узр сўраган. Кремл Путин телефон орқали Нафтали Беннет билан мулоқот қилгани ҳақида хабар берган, аммо узр ҳақида эслаб ўтилмаган.

«Шунингдек, улар Россия ташқи ишлар вазири Лавровнинг сўзларини ҳам муҳокама қилди. Беннет [телефон мулоқоти чоғида] Путиннинг узрини қабул қилди ва унга яҳудий халқига ва Ҳолокостга бўлган муносабатига ойдинлик киритгани учун миннатдорчилик билдирди», — дейилади исроилликлар бош вазири офиси хабарида.

Кремл ҳам Россия президенти ва Исроил бош вазири ўртасида ўтказилган телефон мулоқоти тўғрисида хабар берган, аммо хабарда Путин узр сўрагани ҳақида эслаб ўтилмаган.

Кремл берган хабарга кўра, мулоқот давомида «етакчилар 9 май санасининг Россия ва Исроил халқлари учун алоҳида аҳамиятини қайд этишган», Путин «Исроилда яшаётган фахрийларга соғлиқ ва фаровонлик тилакларини етказишни сўраган», Беннет эса «Қизил Армиянинг нацизм устидан қозонилган ғалабадаги ҳал қилувчи ҳиссасини эътироф этган».

Мулоқотда томонлар Мариуполдаги «Азовстал» заводи ҳудудидаги тинч аҳолини эвакуация қилиш бўйича ҳам фикр алмашган.

Исроил томони айтаётган Путин узр сўраши керак бўлган сўзлар Лавровнинг Италиядаги Mediaset телеканалига берган интервьюсида айтилганди.

Унда президенти Володимир Зеленский яҳудий бўлгани ҳолда Украинани қандай қилиб нацизмда айблаш мумкинлиги тўғрисидаги саволга жавобан Лавров Адолф Ҳитлерда ҳам «яҳудий қони» бўлгани ва қоида тариқасида «энг ашаддий антисемитлар» яҳудийлар бўлишини айтганди.

Россиялик вазирнинг баёноти норозилик тўлқинини келтириб чиқарди - бутун дунёдаги яҳудий ташкилотлари ҳам, Исроил ҳукумати вакиллари ҳам қаттиқ эътироз билдира бошлашди. Россия элчиси «тушунтириш суҳбати» учун Исроил ТИВга чақиртирилди.

Исроил ҳукумати раҳбари Нафтали Беннет Лавровни ёлғончиликда айблади. «Россия ташқи ишлар вазири баёнотига ўта жиддийлик билан ёндашаман. Унинг сўзлари ҳақиқатга тўғри келмайди, унинг айтилиши нотўғри. Бундай ёлғонлардан мақсад яҳудийларга қарши содир этилган тарихдаги энг жирканч жиноятларда уларнинг ўзларини айбдор қилиш ва бу орқали Исроилнинг душманларини жавобгарликдан озод этиш ҳисобланади», деган Исроил ҳукумати раҳбари.

Исроил ташқи ишлар вазири Яир Лапид Лавровнинг таъкиди «кечириб бўлмайдиган ва кишини ғазаблантирадиган бўлишдан ташқари, ўта қўпол тарихий хато» эканини айтди. «Яҳудийларга нисбатан ирқчиликнинг энг қуйи даражаси – яҳудийларнинг ўзини антисемитизмда айблашдир», деди у.