Ҳужум оқибатида 17 та уй ва 6 та автомобил жабрланган. Фото: T.ME/VVGLADKOV

Украина билан чегарадош бўлган бошқа областлар губернаторлари каби Гладков ҳам ўз телеграм-канали орқали Россиянинг Украинага босқини билан боғлиқ сўнгги маълумотларни бериб келмоқда. Маълум қилинишича, дастлаб 6 ярадор ва бир вафот этган киши олиб келинган. Кейинроқ яраланганлар сони етти нафарга етган. У қурбонлар сони икки нафарни ташкил этаётгани тўғрисидаги хабарларни рад этган.

«Етти киши яраланган, кечаси яна бир жабрланувчини олиб келишди. Федерал телеграм-каналлар 14 ёшли бола ҳалок бўлгани ҳақида ёзишмоқда. Аммо бу тўғри эмас. Бола тирик ва област шифохонасида қолмоқда», дея ёзган губернатор.

Губернатор телеграм-каналида Солохи қишлоғида олинган суратларни жойлаштирган.

Губернатор зарба оқибатлари акс этган суратларни эълон қилган. Унинг маълумотларига кўра, 17 та хонадон ва олти автомобил шикастланган, мактаб, почта бўлими ва дўкон ойналари тўкилиб тушган. «Қишлоқдаги уйлар ёнмаяпти - аҳоли пунктлари атрофида ўсиб турган қамишлар ёнган», дея қайд этган Гладков.

Ушбу қишлоқ Украина чегарасидан 20 километр масофада жойлашган. Эндиликда қишлоқ аҳолиси хавфсиз жойга кўчирилган.

Украина томони Солохи қишлоғи ўққа тутилиши билан боғлиқ вазиятга изоҳ бермади.

Ҳужум оқибатлари акс этган яна бир сурат

Кремл расмийси Дмитрий Песков бунга Россия ҳукуматининг реакцияси қандай бўлиши тўғрисидаги саволга жавоб берар экан, «бу Украинага туташ ҳудудлар хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун қўшимча чоралар кўриш зарарлигини кўрсатган вазият» эканини айтди.

У муайян чоралар ҳақида россиялик ҳарбийлар айтиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Журналистларнинг бу зарбалар Россия-Украина музокараларига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги тўғрисидаги саволига жавобан Песков шундай деган: «Кеча биз музокаралар ҳақида гаплашдик, кечадан буён ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Ҳозир ҳам музокаралар йўналишида мақтангулик ҳеч нарса йўқ».