Адвокатнинг фикрича, АҚШнинг айрим штатларида бугунги кунда ҳам кучда бўлган ғалати ва мантиқсиз қонунларнинг Ўзбекистонда ҳам аналоги бўлиши керак эмас. Чунки ҳуқуқий демократик жамият қураётган Ўзбекистонда қонунлар иложи борича мукаммал бўлиши керак.

«Савол жудаям оддий: «Тонировка» мумкинми ёки мумкин эмасми? Жуда кўп давлатларда жавоб «мумкин» ёки «мумкин эмас»га ажратилади. «Пуллик» ёки «текин» деган нарса йўқ. Мумкин бўлса, меъёр белгиланган ва сиз ўша меъёр даражасида исталганча қорайтиришингиз мумкин. Мумкин бўлмаса, тақиқ – тамом. Уни Али ҳам, Вали ҳам, ким бўлишидан қатъи назар, қорайтиришга ҳаққи йўқ

Ҳар бир фуқаро қонун олдида тенг! Бу нарса бизнинг Конституциямизда ҳам белгилаб қўйилган. Хусусан, Конституциямизнинг 54-моддасида», деди Баҳоваддинов.

«Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт» — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 54-модда.

Автоблогер сифатида ҳам фаолият юритувчи фаол автомобил ойнасини қорайтириш рухсатномаси учун белгиланган, аҳоли даромадларига таққослаганда «космик» нархлар инсон ҳуқуқларини поймол қилиш эканини таъкидлади.

«Дастлаб «тонировка» учун белгиланган суммалар қиймати жуда баланд эди. Кейин, қайсидир маънода «раҳм қилишди» ва орқа ойналар учун тонировка нархини БҲМнинг 4,5 баробаригача туширишди. Олд ойналар, тўлиқ тонировка учун нархлар эса мен учун «космик» нарх. Бугунги кунда ўртача ойлик иш ҳақини ҳисобга олганда – битта одам ёзда ўзини бир оз қулай ҳис қилиши учун 6 ойлик ойлигини емай-ичмай бериши мен учун мантиқсизлик. Бу – инсон ҳуқуқларини очиқдан очиқ поймол қилиш.

«Нега оддий соя учун бунча юқори нарх?» — Блогерларнинг ҳафта мавзулари

Бизда Конституция бор. Уни қабул қилинган йили билан фақатгина санасини эслаб қолиш – бизга ҳеч нарса бермайди. Уни ичида нима ёзилгани билан ҳам қизиқиб қўйганимиз яхши. Конституция амалда – қонунларимиз ва бошқа норматив ҳужжатлар Конституцияга белгиланган нормаларга зид бўлиши мумкин эмас.