Президентнинг “Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг “business.gov.uz” ягона интерактив порталини давлат ва бизнес ўртасида самарали мулоқот тизимини таъминловчи ҳамда қуйидаги имкониятларга эга “Тадбиркор виртуал офиси” порталига айлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилади:

тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини тун-у кун қабул қилиш, ҳал этиш ва назорат қилиш;

давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тематик онлайн учрашув, муҳокамалар ва сўровномалар ўтказиш орқали тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича таклифларни шакллантириш;

қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан тадбиркорлик субъектлари ташаббусларини қабул қилиш ва уларга овоз бериш имкониятини яратиш, бунда камида мингта овоз тўплаган ташаббусларни ваколатли органлар томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш;

ҳар йили “Тадбиркорлар куни” арафасида ўтказиладиган Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида таклифларни йиғиш ва тизимлаштириш;

тадбиркорлик субъектлари учун зарур бўлган хизматларни 2025 йил 1 январга қадар босқичма-босқич битта нуқтадан олиш имкониятини яратиш, жумладан лицензиялар ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш, фаолиятни бошлаганлик ҳақида хабарнома юбориш, кредит, субсидия, компенсация ва кафилликлар олиш, солиқ ва божхона маъмурчилигини амалга ошириш, статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишни.

2022 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

а) порталга қуйидагилар томонидан мурожаатлар киритилади:

тадбиркорлик субъектлари;

Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги “Саll-марказ” хизмати;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги экспортчи корхоналар мурожаатларини қабул қилувчи “Саll-марказ” хизмати;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – тадбиркорлар билан ўтказилган сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатлар қисмида;