Тошкентда энг кўп аҳоли истиқомат қилувчи туман маълум қилинди
Тошкент шаҳрида доимий аҳоли сони 2022 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 2 миллион 879 минг 800 кишини ташкил этмоқда.
Пойтахт ҳокимлиги хабарига кўра, аҳоли йил бошидан 17,4 минг кишига ёки 100,6 фоизга кўпайган. Шундан, эркаклар сони 1 411 800 кишини, аёллар сони 1 468 000 кишини ташкил этди.
Шаҳар ҳудудлари кесимида 2022 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, энг кўп аҳоли сони Олмазор туманида бўлиб, 387,7 минг кишини, яъни шаҳар аҳолиси сонидаги улуши 13,5 фоизни ташкил этди.
Шунингдек, Юнусобод туманидаги аҳоли 360,9 минг киши – 12,5 фоиздан иборат.
Энг кам аҳоли сони Яккасарой туманида – 124,6 минг киши (4,3 фоиз) ва Бектемир туманида – 51,8 минг киши (1,8 фоиз)га тўғри келмоқда.
Бундан олдин Ўзбекистоннинг қанча аҳолиси шаҳарларда яшаши маълум қилинганди.