Президент фармони: Энергетика бозори эркинлаштирилади

“Энг қулай вақт – ҳозир”

Жанубий Кореянинг Жэонбук университетида иқтисодиёт бўйича магистрант даражасини олган Миркомил Холбоев Kun.uz билан суҳбатда энергетика ислоҳотини ортиқ кечиктирмаслик зарурати ҳақида сўз юритди.

— Энергетика ислоҳотларини амалга ошириш ва нархларини эркинлаштириш учун энг яхши пайт – ҳозир. Яъни кеча ҳам яхши вақт эди, ҳозир ҳам шундай. Йўқотиш йилдан йилга ошиб бораверади, ислоҳотни амалга оширмаслик эса йўқотишларни ҳеч қанақасига камайтирмайди.

Энергия нархлари ўзгариши иқтисодиётга бир нечта сигнал беради, бу эса бозор иштирокчилари қарорларини ўзгартиришига ҳам таъсир ўтказади. Ислоҳот биринчи навбатда энергия ресурслари самарадорлигига олиб келади. Истеъмол қилувчилар: ҳам бизнес вакиллари, ҳам оддий аҳоли қатлами тежамкорлик режимига ўта бошлайди. Ҳозирги субсидия асосида тақдим қилинаётган энергиядан фойдаланишда тежамкорлик нуқтайи назаридан рағбат мавжуд эмас. Сув ресурслари ҳам шунақа. Субсидия асосида фермер хўжаликларига тақдим этилгани боис сув ресурсларимиз ҳаддан зиёд танқис бўлса ҳам исрофгарчилик даражаси жуда ҳам баланд.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг сезиларли қисми (2020 йилдаги статистик маълумотлар бўйича 6,6 фоиз) энергия ресурсларини субсидиялаш учун сарфланади. Бу эса давлат маблағлари самарасиз сарф қилинишига олиб келаверади ва алтернатив равишда ушбу маблағларнинг нисбатан анчайин фойдалироқ бошқа соҳаларга (хусусан, таълим ва тиббиёт) йўналтирилишига имкон бермайди.

“Бизга ҳақиқий ижтимоий сиёсат керак”

Миркомил Холбоев / Фото: Facebook

— Ҳукумат ўзи ижтимоий сиёсат деб атайдиган, ҳатто аҳоли ҳам шундай ҳисоблайдиган энергетика маҳсулотларининг субсидияланиши ҳам аслида ижтимоий сиёсат эмас. Оддий электр энергиясини олайлик (ёки табиий газ). Ҳукумат аҳоли электр энергиясини арзонроқ (аслида жуда қимматга тушади) сотиб олиши учун бу соҳага ҳар йили жуда катта маблағ ажратади. Лекин яхшилаб эътибор берилса, бу сиёсатдан пастроқ даромадли ҳамда арзон электр энергиясига муҳтож аҳоли қатлами эмас, балки даромади юқорироқ бўлган қатлам кўпроқ наф кўради.