Резников фейсбукдаги саҳифаси орқали Украина аҳолисига мурожаат қилди. У Москвадагилар ҳужумдан кейин бир неча кун ичида Украина капитуляция қилишидан умид қилишганини айтди. Аммо, украинлар вазирининг сўзларига кўра, украин халқи бу режаларни барбод қилган ва Россия стратегик мағлубиятга учраган, Киев остонасида катта йўқотишлар бериб, бирорта стратегик мақсадга эриша олмаган рус қўшинлари эса тактикани ўзгартиришга мажбур бўлган.
«Бу фонда биз урушнинг янги - узоқ давом этувчи даврига кирмоқдамиз. Унда ғолиб бўлиш учун ресурсларни пухталик билан режалаштириш, хатолардан сақланиш ва ўз кучимизни шундай лойиҳалаштиришимиз керакки, охир-оқибат душман дош бера олмасин», дея қайд этган Украина мудофаа вазири.
Март ойи охирида Россия ўз қўшинларини Украинанинг шимолий ҳудудларидан, жумладан Киев атрофидан олиб кетишини эълон қилди. Москва Истанбулдаги музокаралардан кейин «ўзаро ишончни мустаҳкамлаш» сифатида шундай йўл тутаётганини билдирди. Аммо ғарблик экспертлар ва украин ҳукумати бу чекиниш Россия ҳарбийлари Украина пойтахти атрофидаги жангларда кенг кўламли ҳарбий мағлубиятга учрагани билан боғлиқ эканини маълум қилди.
Донбассдаги юришлар
Апрел ойида РФ армияси Украинадаги махсус амалиётнинг иккинчи босқичи бошлангани ҳақида маълум қилди: бу босқич Донецк ва Луганск областларининг бутун ҳудудини эгаллашни, яъни Донбасснинг 2014-15 йиллардаги урушлардан кейин ҳам Киев назоратида қолган ҳудудларини ушбу ҳудуддаги тан олинмаган «республикалар»га қўшишни назарда тутади.
Аммо «Донбассдаги катта юриш»нинг уч ҳафтасидан кейин ҳам россиялик ҳарбийлар Луганск ва Донецк областларида атиги бир неча аҳоли пунктларини эгаллай олишди. Қолаверса жанубда Мариупол устидан ҳам ҳали тўлиқ назорат ўрнатилгани йўқ: шаҳарнинг аксар ҳудуди вайрон қилинган ва РФ армияси назоратига ўтган бўлса-да, «Азовстал» металлургия комбинатидаги украин ҳарбийлари қаршилик кўрсатишда давом этишмоқда.
Бунга параллел тарзда украин армияси Харков областида қарши ҳужумга ўтган, натижада россиялик ҳарбийлар кўплаб позицияларидан чекиниб, Украина чегарасига қадар улоқтирилган.
«Хулоса қилиб айтадиган бўлса, Украина фойдасига стратегик бурилиш рўй берди. Бу жараён маълум вақт давом этади. Узоқ муддатда эса бу тенденциялар Россиянинг мағлубиятини муқаррар қилади», дея ҳисоблайди Резников.
Украина армиясининг асосий умиди фронт чизиғига янги кучлар жалб этилишидан. Армия Ғарб техникалари билан жиҳозланишига ҳам умид қилинмоқда - Ғарб Киевнинг ҳарбий қудратига амин бўлгани ҳамда россиялик ҳарбийларнинг Киев атрофида, Суми ва Черниговда содир этган ҳарбий жиноятларининг даҳшатли далилларига гувоҳ бўлганидан кейин Украинага фаол ҳарбий ёрдам кўрсатишга киришди.

















