Ўзбекистон | 15:33 / 20.05.2022
7086
4 дақиқада ўқилади

Термиз давлат университетида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди

2022 йил 19-21 май кунлари Термиз давлат университетида Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда академик А.Ғ.Ғаниев ва академик Н.А.Парпиев хотирасига бағишланган «Комплекс бирикмалар кимёси ва аналитик кимё фанларининг долзарб муаммолари» номли Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Фото: Термиз давлат университети матбуот хизмати

Хорижий олимлар иштирокидаги конференцияда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти, Биоорганик кимё институти, Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Урганч давлат университети, Бухоро давлат университети, Қарши давлат университети, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ, Ўзбекистон–Япония ёшлар инновация маркази, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Жиззах давлат педагогика институти, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Наманган муҳандислик-технология институти, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Тошкент кимё-технология институти каби республикамиз илмий-тадқиқот муассасалари билан бирга хорижий илмий марказлар, жумладан Япония, Хитой, Ҳиндистон, Италия ва Россиянинг етакчи илмий марказлари олимларининг маърузалари тингланди.

Фото: Термиз давлат университети матбуот хизмати
Фото: Термиз давлат университети матбуот хизмати

Конференцияни Термиз давлат университети ўқув ишлари бўйича проректори Расул Тўраев кириш сўзи билан очиб берди. Очилиш маросими Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Илҳом Сафаровнинг табрик сўзи билан давом этди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги С.Негматов ва профессор Ҳ.Шариповлар самимий табрик сўзлари билан табриклашди.

Фото: Термиз давлат университети матбуот хизмати
Фото: Термиз давлат университети матбуот хизмати

Конференция ялпи мажлисида таркибида азот, фосфор, олтингугурт бўлган иммобилланган лигандларнинг нодир металлар билан координацион бирикмалари, аралаш лигандли икки ядроли металлокомплекслар синтези ва тадқиқоти, платиноидларнинг эритмаларда комплекс ҳосил қилиш механизми, саноат иккиламчи хомашёси асосида катионитлар синтези, нанокомпозит электродларни ишлаб чиқариш ва қўллаш, заҳарли ва портловчи газларни аниқловчи яримўтказгичли сенсорлар яратиш, экологик хавфсиз биоактив бирикмалар-атранлар ишлаб чиқиш ва тадқиқ қилиш, олдиндан ишлов бериш жараёнини оптималлаштириш: синтетик ва табиий коагулянтларга эътибор қаратган ҳолда коагуляция ва флокуляция, биосенсор қурилмаларида кремний органик ҳосилалари асосидаги оксидланиш-қайтарилиш фаол полимерлардан фойдаланиш номли янги илмий маърузалар тингланди.

Фото: Термиз давлат университети матбуот хизмати

Бу каби маърузалар кимё фанининг ҳозирги ва келгусидаги тараққиёти учун дастуруламал бўлиб хизмат қилади. Баҳс-мунозараларда республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган кимёгар олимлар ва тадқиқотчилар жонли ва онлайн шаклда бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Фото: Термиз давлат университети матбуот хизмати

Кимё соҳасидаги бундай нуфузли тадбирнинг Термиз давлат университетида ўтказилиши бежиз эмас. Сўнгги беш йилда Кимё факультетида 19 та диссертация ҳимоялари амалга оширилди. 12 та илмий унвонлар тасдиқланди. 2022 йилда 6 нафар тадқиқотчи диссертация ҳимоялари амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳозирда факультетда 3 та фан доктори, профессор, 12 та фан номзоди, фалсафа доктори (PhD), доцент фаолият юритишмоқда. 3 та ихтисослик бўйича 2 та илмий даражалар ҳимоя қилинадиган илмий кенгаш фаолият олиб бормоқда. Илмий-тадқиқот соҳалари бўйича амалий ва инновацион лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

 

Термиз давлат университети матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид