Таъсирчан ва эффектив реклама ишлаб чиқариш бугун алоҳида фаолият соҳасига айланган. Биз бу соҳа билан “Borisov & Irisov” компанияси мисолида танишдик.

Компания таъсисчиларидан бири Максим Борисов бу бизнесга кириб келиш тарихи ҳақида шундай ҳикоя қилади:

“Хўш, бу соҳага қандай келиб қолдим? Мен ўйинлар яратишни хоҳлардим, доимо компютер ўйинларига қизиқардим. Бир куни диск сотиб олиб, унинг ёрдамида ўйин ярата оламан деб ўйладим. Аммо маълум бўлишича, бу 3D Max дастури экан. Ҳаммаси ўша пайтда бошланган. Мен ўзим учун 3D оламини кашф қилдим ва у билан астойдил шуғуллана бошладим. Ўзбекистонда биринчи бўлмаса ҳам, лекин биринчилардан бўлиб графика билан шуғуллана бошлаганман.

Дадам иккимиз болалар, мактаб ўқувчилари ва асосан корейс аудиторияси билан ишлардик, улар учун видеолар тайёрлардик. Шундай тадбирлар орқали ҳозирда режиссёр ва операторимиз ҳисобланмиш Баҳодир Йўлдошев билан учрашиб қолганман ва у билан биргаликда ишлай бошладим”.

“Ғоя учун пул тўлаш – Ўзбекистон учун ҳали янгилик”

Суҳбатдошимизнинг айтишича, рекламани олишда энг муҳими ва қимматлиси бу – ғоядир.

“Ўзбекистонда биз ҳали ғоя учун пул тўлашга ўрганмаганмиз. Реклама тайёрлашда энг қийини бу яхши ғоя ва уни тўғри тасвирга олиш бўлса керак деб ўйлайман.

Биз суратга олган барча реклама роликларининг 99,9 фоизини мен ёзганман ва режиссёр ҳам ўзим. Заводда ёки бирор офисда 9 дан 6 гача ишланса, мен эса 24/7 ишлайман, яъни миям умуман дам олмайди. Ғояларни ҳар доим ўйлаб юришга ҳаракат қилганим сабабли, қизиқарли роликлар пайдо бўлади”.

“Ўзбекистонни жуда яхши кўраман…”

“Мамлакатни тарк этиш учун жуда кўп имкониятлар бўлган. Мисол учун, хонанда Нюшанинг клипини суратга олганимиздан сўнг, Россияга кўчиб ўтиш таклифи келиб тушган. Ўшанда мен бу таклифни рад этдим. Ўзбекона меҳмондўстлик, ўзбекча мулоқот, ҳар доимги ҳурматни бошқа мамлакатларда кўрмаганман. Мен ватанпарвар инсонман. Бу юртни жуда яхши кўраман. Мен уни ҳукумат учун эмас, бу ердаги баъзи одамларнинг яхши ва ёмон ишлари учун эмас, шунчаки яхши кўраман. Ўзбекистон – жуда ажойиб миллат, ажойиб тарих, урф-одатлар ва анъаналардир”.