Президент раислигида саноат зоналари ва йирик инвестиция лойиҳалари билан боғлиқ масалаларга бағишланган йиғилиш бошланди.
Жорий йилнинг ўзида 2 мингта лойиҳани амалга ошириш, 110 мингта янги иш ўрни яратиш ва 1 миллиард доллар қўшимча экспортни таъминлаш учун имкониятлар борлиги таъкидланди.
Ўтган беш йилда 19 та эркин иқтисодий зона (унгача атиги 3 та бор эди) ва 400 дан зиёд кичик саноат зонаси ташкил этилиб, уларда 10 триллион сўмлик 1 мингдан ортиқ лойиҳа ишга туширилди.
Натижада 100 мингта иш ўрни яратилиб, йилига қўшимча 45 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарила бошланди.
Шунингдек, саноат зоналаридаги корхоналар йилига 750 миллион долларлик экспорт ва 1 триллион сўмдан зиёд солиқ тушумларини таъминламоқда.
«Асосийси, ҳар бир туманга саноат кириб борди, олис ва чекка ҳудудларда янги ишлаб чиқаришлар пайдо бўлмоқда», деди президент.
Хусусан, беш йил аввал саноат умуман бўлмаган 11 та туманда 205 та янги корхона иш бошлаб, бугунги кунда уларда саноат ҳажми 2 баробар ошди.

Йиғилишда саноат зоналарини ривожлантириш борасида ҳудудларда қилинадиган ишлар кўплиги кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, 96 та кичик саноат зонасининг бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани боис уларда 3,5 триллион сўмлик 648 та тайёр лойиҳалар бошланмасдан тургани таъкидланди.
Худди шундай, саноат зоналари майдонларининг 37 фоизи электр, сув, газ, йўл ва канализация билан таъминланмагани танқид қилинди.
Шунингдек, саноат зоналарида лойиҳаларни бошлаш учун тадбиркорлар 5 та босқичли жараёндан ўтиб, 10 турдан ортиқ ҳужжатларни тақдим этиши лозим (бунга 3 ойгача вақт сарфланмоқда).
Оқибатда ҳозирда Бухорода 10 та, Тошкент вилоятида 5 та, Самарқанд ва Фарғонада 1 тадан лойиҳа бошланмай турибди.
«Биз Тараққиёт дастуримизда келгуси беш йилда саноатни 1,4 бараварга оширишни мақсад қилганмиз. Бу – жуда катта марра.
Шунинг учун, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими янги ташаббуслар кўрсатиши, тадбиркорларни топиб, лойиҳаларни кўпайтириш бўйича ўзларининг аниқ режаларига эга бўлишлари зарур», деди давлат раҳбари.











